Жаҳон | 14:47 / 03.05.2019
11366
2 дақиқада ўқилади

Тоқаев президентликка номзод сифатида расман рўйхатга олинди

Фото: Алексей Дружинин/ТАСС

Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон президентлигига номзод сифатида рўйхатга олинди, дея хабар бермоқда Tengrinews.kz. 

Марказий сайлов комиссияси Nur Otan партиясидан президентликка номзод сифатида Қосим-Жомарт Тоқаевни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Тоқаев президентликка номзод кўрсатиш учун керак бўлган барча ҳужжатларни тақдим этган. Уни қўллаб-қувватлаб Қозоғистоннинг 17 вилоятидан 313 653та имзо йиғилди.

«Марказий сайлов комиссияси аппаратининг режалаштириш ва бюджетни ижро этиш бўлимига «Қозоғистоннинг халқ омонат банки» АЖга президентликка номзод Қосим-Жомарт Тоқаев рўйхатдан ўтгани ҳақидаги маълумот махсус вақтинчалик ҳисоб рақамини очиш учун тақдим этилсин. Марказий сайлов комиссиясининг ОАВ ва жамоат бирлашмалари билан алоқалар бўйича бўлими номзод рўйхатга олингани тўғрисидаги хабарни ОАВда эълон қилсин», - дейилади МСК қарорида.

Президентликка номзоднинг гувоҳномаси Nur Otan партияси раиси биринчи ўринбосари - Тоқаевнинг ишончли вакили Маулен Ашимбаевга топширилди.

Номзодларни рўйхатга олиш 2019 йил 11 май куни соат 18:00га қадар давом этади. Номзодни рўйхатдан ўтказиш давлат даромадлари органлари томонидан декларацияда кўрсатилган даромадлар ва мол-мулк ҳақидаги маълумотлар ишончсизлиги аниқланган тақдирда бекор қилиниши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти рўйхатга олиш босқичи тугагандан сўнг дарҳол бошланади ва 8 июнь соат 00:00га қадар давом этади. Сукунат куни - 8 июнь.

Мавзуга оид