15:43 / 06.05.2019
6344

Косонда фуқаролар йиғини раиси сайлови уюшқоқлик билан ўтказилмоқда

Айни кунларда республиканинг барча ҳудудларида фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови бўлиб ўтмоқда.

Президент томонидан имзоланган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан ушбу сайлов жараёни 2019 йил май ойида ўтказилиши белгиланган эди.

Шу муносабат билан фуқаролар йиғинлари амалдаги раисларининг (оқсоқолларининг) ва улар маслаҳатчиларининг ваколатлари муддати 2019 йил май ойида фуқаролар йиғинларининг янги раислари (оқсоқоллари) сайлангунига қадар узайтирилганди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Фуқаролар йиғинлари, раислари, (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Косон туманида ҳам мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилди.

Косон тумани ҳокими А.Бойкараев қабул қилган қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорини амалга ошириш тадбирлари белгиланди. Туман комиссиясининг таркиби тасдиқланди. Комиссия таркибига турли соҳаларнинг етук мутахассислари, тажрибали раҳбар-ташкилотчилар киритилди. 

Ушбу белгиланган чора-тадбирлар асосида Косон туманида сайловлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Жумладан, «Бунёдкор» маҳалласида ўтказилган сайлов очиқ, ошкора ва адолатли бўлиб ўтди. Сайловда фуқаролар йиғини раислигига 4 та номзод кўрсатилди. 376вакилдан 342 нафари сайловда қатнашди. Номзодлардан  Алишер Омонов сайловчиларнинг  71 фоиз овозини олиб, маҳалла раиси этиб сайланди.

«Сайловчилар кўз ўнгида сайлов қутиси очилиб бюллетенлар саналди. Шу боис бугунги сайлов адолатли бўлди ва биз муносиб номзодни сайладик», –дейди маҳалла фаоли А.Муқимов.

Шунингдек, «Эсабой» маҳалласида фуқаролар йиғини сайловида ҳам сайловчилар ўзлари учун муносиб номзодга овоз берди. Номзодлардан Акром Мардонов 84 фоиз вакиллар овозини олиб, «Эсабой» маҳалласига раис этиб сайланди.

Тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам фуқаролар йиғини раиси сайлови ташкил этилмоқда.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Top