Ўзбекистон | 17:57 / 12.01.2024
20942
2 дақиқада ўқилади

Муротжон Азимов Косондаги “шов-шувли” қарорни бекор қилиш бўйича топшириқ берди

Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси халқ депутатлари Косон тумани кенгашининг 48 та фермер ижара шартномасини бекор қилиш ва ер майдонларини захирага қайтариш назарда тутилган қарори юзасидан вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Kun.uz суриштирувидан сўнг Халқ депутатлари Косон тумани кенгашининг 2024 йил 11 январдаги ноқонуний қарори бекор қилинадиган бўлди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат берди.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Адлия бошқармасининг тақдимномаси ва шунга асосан вилоят ҳокимининг топшириғи билан халқ депутатлари Косон туман кенгашининг 2024 йил 11 январдаги VI-98-11-4-60-K/24-сонли қарорини бекор қилиш бўйича халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашига қарор лойиҳаси киритилган.

Ҳокимлик расмий муносабатида қонунчиликка зид равишда маҳаллий кенгаш қарорини тайёрлаб, ҳуқуқий жиҳатдан қўпол хатога йўл қўйганларга қандай чора кўрилиши очиқланмаган.

Олдинроқ Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев маҳаллий кенгаш қарори билан 1 та боғдорчилик, 1 та чорвачилик ҳамда 46 та пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик ерларини туман захирасига қайтаргани, унинг бу ҳаракати президентнинг иккита фармонига зидлиги хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Косон тумани ҳокими Асрол Бойқораев ўтган йили йиғилишда рўзадорлар оғзини мажбуран очдиргани ҳамда маҳалла раисларини солиқ йиғишга мажбурлаб, ҳақоратлагани билан ОАВ эътиборига тушганди. 2020 йилнинг декабрида Асрол Бойқораевнинг Captiva русумли хизмат автомашинаси 60 ёшли Шерали Жумақуловни уриб юборган ва фуқаро воқеа жойида вафот этганди. Кўп ўтмай ушбу ЙТҲда пачақланган Captiva янгисига алмаштирилганди.

Мавзуга оид