11:29 / 06.05.2019
20225

Сув тошқинлари вақтида Қамашидаги кўприк бузилди. Табиий офат оқибатларига қарши қандай чоралар кўрилди?

Бу йил баҳор фасли серёғин келиши аҳоли учун қатор ноқулайликлар туғдирди. Республиканинг барча вилоятларида кучли ёмғирлар ёғиши натижасида сув тошқинлари ва сел келиши кузатилди.

Ушбу ҳолатлар айрим ҳудудларда талофатларга ҳам олиб келди. Кўприклар бузилди, аҳоли хонадонлари яроқсиз аҳволга келди.

Бу каби талофатлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини ҳам четлаб ўтмади. Кучли ёмғирлар ва сел келиши оқибатида кўприклар вайрон бўлди.

Kun.uz таҳририятига ушбу туманнинг «Элобод» маҳалласи, Катта араб қишлоғи аҳолиси уларнинг ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган кўприк вайрон бўлгани, ўқувчиларнинг мактабга қатнаш йўли ҳам узилиб қолгани ҳақида хабар беришди.

Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига бордик ва мавжуд ҳолатни кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам маҳалла аҳолисининг асосий қатнов йўли ва қишлоқ ўртасидаги кўприк бутунлай вайрон бўлган. Ер ўпирилиши оқибатида ҳосил бўлган жарликлар аҳоли хонадонларигача етиб борган.

Албатта, бу табиий офат. Кимнингдир айби билан вужудга келмаган. Аммо бу борада тезроқ зарур чоралар кўрилмаса, аҳоли учун хавф туғдираётган ҳолатлар вақтида бартараф этилмаса, талофат кўлами янада кенгайиши мумкин.

Кўрилаётган зарур чора-тадбирлар юзасидан изоҳ олиш учун Қамаши тумани ҳокимлигида бўлдик ва туман ҳокимининг қурилиш ишларига масъул ўринбосари Қурбон Ҳайдаров билан суҳбатлашдик.

«Туманимиздаги учта кўприк сел келиши натижасида вайрон бўлди. Айни вақтда иккита кўприкни тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Учинчиси эса сиз бориб кўрган «Элобод» маҳалласидаги кўприк. Уни ҳам тез орада тиклаймиз. Айрим фуқаролар хавфли ҳудудга, сел йўлига ноқонуний равишда уй қуриб олишган. Албатта, бу борада ҳам фавқулодда вазиятлар бўлими масъул ходими ва тегишли ташкилотлар вакиллари билан биргаликда зарур чораларни кўрамиз», – дейди Қурбон Ҳайдаров.

Мазкур вазият юзасидан туманда масъул бўлган фавқулодда вазиятлар бўлими ходими билан учрашишнинг имкони бўлмади - у чекка ҳудудларга хизмат сафари билан кетган экан.

Қамаши тумани ҳокимлиги мутасаддилари биз билан суҳбатда ушбу маҳалладаги кўприкни тиклаш ишлари икки-уч кунда бошланишини билдиришганди. Мақолани тайёрлаш вақтида ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича мутахассиси билан боғландик.

Мутасадди ушбу кўприкдан 70-80 метр узоқроқда аҳоли учун бошқа кўприк қуриб берилганини билдирди ва таҳририятга фотосуратларни тақдим этди.

Албатта, кўприк тез фурсатда қуриб берилганини ижобий ҳолат сифатида эътироф этиш керак, аммо ўпирилган йўл қатнов учун хавфлилигича қолмоқда, жарлик устидаги хонадонлардаги аҳоли ҳам хавфли шароитларда яшамоқда. Бундай оқибатларни бартараф этиш устида эса туман ҳокимлигидан юқорироқ ташкилотлар бош қотириши керак, наздимизда.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top