Спорт | 22:56 / 07.05.2019
16327
2 дақиқада ўқилади

Футболчи Чемпионлар лигасини томоша қилиш учун ўзини касалга солди

Фото: @jordievdl

Голландиянинг биринчи дивизионида иштирок этувчи “Телстар” клуби ўз ҳужумчиси Йорди ван дер Лан билан шартномани бекор қилди. Бунга эса футболчининг ўзини касалга солиши сабаб бўлган. Бу ҳақда IJmuider Courant нашри хабар берди. 

29 апрелда футболчи клубга ўзини ёмон ҳис қилаётганини маълум қилган, бироқ шу куниёқ Чемпионлар лигасининг Лондонда ўтган “Тоттенхэм” ва “Аякс” ўртасидаги ярим финал учрашувига ташриф буюрган. Футболчи буни “Телстар” совринли ўринлар учун курашмаётгани, унинг ўзи эса етарлича майдонга туширилмагани билан тушунтирган. Футболчининг айтишича, ўзгача вазиятда у Лондонга учиб кетмаган бўларди.

Ван дер Лан Чемпионлар лигаси ўйини бошланишидан олдин клуб раҳбариятига бор ҳақиқатни сўзлаб берганини қўшимча қилган. “Бу ноқулай вазият. Бироқ барча хабардор қилинган, шу сабабли биз яхши нотада хайрлашдик”, деб таъкидлаб ўтган футболчи. 

Биринчи дивизион якунларига кўра, “Телстар” клуби 20 та клуб ичида 15-ўринни эгаллаган. Ван дер Лан 7 та ўйинда майдонга тушиб, самарали ҳаракатлар билан  ажралмаган. Унинг шартномаси 2019 йил ёзигача мўлжалланган бўлган.

Мавзуга оид