Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳамма югуришга». Тиббиёт муассасаси стадионми?
Яқин орада соғлом турмуш тарзи тарғиботи билан боғлиқ тадбирлар тез-тез ўтказилмоқда. Турли инстанциялар ташаббуси билан бот-бот югуриш, соғломлаштириш акциялари ташкиллаштириляпти, Тошкентда илк бор халқаро ярим марафон ҳам бўлиб ўтди, барча телеканалларда ҳар куни уч марта оммавий бадантарбия машғулотлари видеороликлари намойиш этилиши белгиланди. Бутун аҳоли қатнашадиган «Алпомиш» , «Барчиной» жисмоний тайёргарлик тестларининг ўтказилиши йўлга қўйилди. «Ёшлар спорт ҳафталиги» , юриш куни тадбирлари ўтказилди. Боринг, ана Жисмоний тарбия ва спорт вазири-ю, ёшлар етакчисининг ўзи аҳоли билан бир сафда туриб бадантарбия машқларини бажарди ҳам.
Буларнинг барчаси, албатта, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамоавий иммунитетни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида амалга ошириляпти. Аҳоли орасида энг минимал ҳаракатсизлик кузатилгани ҳолда саломатлик рейтингларида юқорилашни орзу қилиб бўлмайди.
Бундай акцияларнинг мантиқий давоми сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 664-сонли буйруғи чиққан бўлиб, у «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент Қарори ижросига қаратилган. Унда аҳоли ўртасида саломатлик муҳитини шакллантиришга қаратилган бандлар мавжуд. Бунга боғлиқ равишда, Тошкент шаҳар ҳокимияти соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ҳам буйруғи чиққан ва унда Тошкент шаҳридаги барча даволаш-профилактика муассасаларида иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари, ҳафтасига камида бир маротаба «Саломатлик куни» ташкил этиш кўрсатилган. «Тиббиёт муассасаларида соғлом турмуш тарзини олиб бориш учун шароитлар яратиш» деган қисми ҳам мавжуд.

Мазкур кўрсатмалар шаҳар тиббиёт масканларида қисман (!) бажарилаётганига бевосита гувоҳ бўлдик. Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги 13-поликлиникада чиндан ҳам ходимлар иш куни давомида бадантарбия билан шуғулланишяпти. Поликлиника ходимининг маълумот беришича, кунда икки маҳал ─ соат 11.00 ва 15.00да ходимлар бинонинг асосий даҳлизига йиғилиб, спорт инструктори бошчилигида енгил югуриш ва гимнастика машқларини қилишади. «Ҳамма ҳам чиқмайди, ким истаб, ким истамай чиқади, қўлдан келганча машқларни бажаради» ,─ дейди ҳамшира.
Ажабланарлиси, машғулотлар нақ бинонинг ичида, беморлар қаторлашиб навбат кутиб турган жойда ўтказилади. Шунчаки картинани кўз олдингизга келтиринг: ким йўталган, ким аксирган, кимнинг қон босими ошган, ким ёш боласини кўтариб келган, ҳомиладорлар... Ўртада эса оқ халатлилар тўпланиб, ким астойдил, ким қўл учида спорт машқларини қиляпти. Бу аҳолига тиббиёт ходимларининг ўзини ўрнак қилиб кўрсатиш сифатида баҳоланиши мумкиндир, лекин анча-мунча кўтарилаётган чанг-тўзони, шовқин югураётган шифокорининг қайтишини кутиб навбатда турган беморларнинг кайфиятига таъсир қилгани сезилиб турибди.

Албатта, бадантарбиянинг фойдасига қарши гап бўлиши мумкин эмас, тиббиёт ходимларининг аҳолига шахсий намуна кўрсатиши ҳам самаралидир балки. Лекин бу тиббиёт муассасасига соғлигидан шикоят қилиб келган беморларга ноқулайлик туғдириш ҳисобига бўлмаслиги керак. Бадантарбия машқлари тегишли талабга жавоб берадиган шароитда бажарилиши керак эмасми, деган ҳақли савол туғилади. Ваҳоланки, буйруқда «тиббиёт муассасаларида соғлом турмуш тарзини олиб бориш учун шароитлар яратиш» деган кўрсатма ҳам берилган. Амалда эса тўғридан тўғри бинонинг ўзида югуриш ташкил этилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Мазкур ҳолат бўйича беморлар ўз муносабатларини билдиришди.
Азиз Эгамбердиев:
─ Мен соғлом турмуш тарзини доимо қўллаб-қувватлайман. Аммо атрофда турли муаммо билан келган беморлар турганда бундай шароитдаги бадантарбия ўзини қанчалик оқлайди? Талаб этиладиган форма ва шароит бўлмай туриб, шифокорларнинг беморлар қаршисида югуриб юриши қанчалик мантиққа тўғри келади?
Дамира Исҳоқова:
─ Менимча, тиббиёт ходимларининг бадантарбия билан шуғулланиши ҳам ўзига фойда, ҳам бизга намуна бўлади. Лекин бу поликлиниканинг спорт билан шуғулланишга мослаштирилмаган биносида эмас, очиқ ҳавода бошқачароқ тартибда қилинса, яхшироқ бўларди.
Тиббиёт муассасалари ходимлари ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ўз иш жойларидаги мазкур буйруқнинг ижро ҳолати бўйича фикрлар билдиришди. Маълум бўлишича, буйруқ барча муассасаларга етказилган, лекин ҳамма жойда ҳам бажарилаётгани йўқ. Айрим поликлиникаларда номунтазам тарзда бинонинг ўзида ўтказилса, баъзилари ҳеч қачон бадантарбия машқлари ўтказилмаганини таъкидлашди.
«Саломатлик кунларининг ўтказилиши, бадантарбия билан шуғулланишимиз учун танаффуслар берилишидан хурсандмиз. Кун бўйи беморларни қабул қилавериб, стулдан қимирламай ишлашга тўғри келади баъзида. Бу саломатлик учун зарарли эканлигини мутахассис сифатида ўзимиз яхши англаймиз. Лекин ҳамма шифокорлар ҳам беморлар олдида чопқиллаб юришни истамаса керак» , ─ дейди иш жойини маълум қилишни истамаган тиббиёт ходими Марғуба Собирова.
Одамлар югурмасин, соғлом турмуш тарзи билан шуғулланмасин, деган фикрдан йироқмиз. Фақатгина «юқори» шундай деяпти, деган ўйда қарорни кўр-кўрона бажариш эмас, бошқа омилларни ҳам инобатга олиш, аввало қарор ижроси учун керакли шароитни яратиш керак. Токи одамларда қарорлар шунчаки намойиш учун қабул қилиняпти ва мажбурият кайфияти таъсирида бажариляпти, деган қараш шаклланмасин ва одамларни спортдан бездириб қўймайлик.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
20:25 / 06.06.2026
Каламушлар, ёқимсиз ҳид ва йиллаб давом этаётган муаммо: Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла аҳли ечим кутаётган ҳолат
17:31 / 26.05.2026
Ўқувчини урган ўқитувчи воқеасига расмий баҳо берилди
08:53 / 23.05.2026
Тошкентда айрим кўчалар вақтинча ёпилади
20:59 / 05.05.2026