Жаҳон | 08:59 / 10.05.2019
9680
2 дақиқада ўқилади

Австралияда 400 млндан кўпроқ банкнота хато билан босилди 

Фото: iStock

Австралия захира банки 50 Австралия доллари қийматидаги 400 млнга яқин банкнотани “responsibility” (масъулият) сўзида хато билан босди. Бу ҳақда News.com.au нашри хабар берди. Банкнота ушбу сўзнинг охирги i ҳарфи тушириб қолдирилган ҳолда, яъни “responsibilty” кўринишида босилган.

Банкнотада 3 марта учрайдиган бу сўзнинг хато ёзилганини бир австралиялик пайқаб қолиб, у ҳақда маҳаллий радиостанцияга хабар берган. Станция ушбу хато суратини Instagram’да жойлаштиргач, марказий банк вакили бу ҳолатга изоҳ берган. Унинг таъкидлашича, банкнинг бу хатодан хабари бор ва у кейинги тиражда тўғриланади. 

ОАВда таъкидланишича, хато босилган банкноталарнинг умумий қиймати 2,3 млрд Австралия долларини ташкил қилади. 

Янгиланган 50 долларлик банкнота Австралияда 2018 йил октябрида муомалага чиқарилган. Купюранинг бир томонида австралиялик ихтирочи ва ёзувчи Дэвид Юнайпон сурати, иккинчи томонида эса Австралия парламентидаги илк аёл Эдит Коуэн сурати жойлаштирилган. Хатолик банкнотада Коуэнга тегишли матнда аниқланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид