19:18 / 13.05.2019
12558

Kun.uz сайтида хайрия бўйича мурожаатларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилди

Фото: Flickr

Kun.uz сайтида эълон қилинган барча хайрия акциялари эзгу мақсадларда уюштирилади.

Албатта, умид билан қилинган мурожаатнинг ҳар бири ортида инсон тақдири ётибди ва биз уларнинг ҳаммасига хайрихоҳмиз. Аммо Kun.uz сайти энг аввало тезкор ва холис ахборот тарқатишга ихтисослашган ва асосий фаолияти хайрия эмас.

Ҳозирги кунда сайтимизда ҳафтасига икки марта хайрия бўйича мурожаат эълон қилиш имконияти мавжуд, бир ҳафта давомида бундай мазмундаги мурожаатлар сони эса элликтадан ошади. Шундай экан истаймизми йўқми кўпчиликни рад этишга ёки ижроси жуда мавҳум муддат асосида қабул қилишга мажбур бўлаяпмиз. Қолаверса, эълон қилинган хайриялар сони эмас, сифати ҳам керак, яъни кўзланган мақсадга эришилиши – зарур маблағ йиғилиши ва бир инсоннинг оғири енгил бўлиши жуда муҳим.

Шунингдек, сўнгги пайтларда хайрия пулларига кўз олайтирганлар, тўғрироғи кўзида шундоқ ҳам ёш тўла бўлган муҳтожларни қон қақшатиб, пулини ўғирлайдиганлар тоифаси ҳам пайдо бўлдики, бу жараёнда эҳтиёткорликни, хавфсизликни кучайтириш зарурати туғилди. Хавфсизлик тизими жорий этилгач, қилинган ҳар қандай мурожаат таҳлил қилиниб, ўрганиб чиқилади ва маблағ йиғиш энг зарур деб топилган беморларгагина хайрия ташкил этилади.

Юқоридаги омиллар туфайли жорий йилнинг 12 майдан бошлаб Kun.uz сайтида хайрия акциялари уюштириш бўйича янги мурожаатлар қабул қилиш тўхтатилди. Бу санадан кейин фақат шу пайтгача қабул қилинган мурожаатлар ўрганилади ва асосли бўлса, қаноатлантирилади.

Акциялар қайта йўлга қўйилиши бўйича қўшимча ахборот берилади.

Аммо ёдда тутинг! Биз, Kun.uz сайти ижодкорлари, хайрия ишларидан воз кечмаймиз ва бу эълон ҳам хайриялар бутунлай тўхтатилишини англатмайди. Аксинча, барча юртдошларимизни Муборак Рамазон ойида эълон қилинаётган бундай акцияларда янада фаол қатнашишга чорлаб қоламиз.

Top