Жамият | 09:14 / 14.05.2019
64596
7 дақиқада ўқилади

«Картошка эмасмиз»

Фото: KUN.UZ

Денгиз саёҳатига чиққанмисиз? Доимий тўлқинларга қарши сузиш натижасида бош оғриши, кўнгил айниши ва киши қайт қилиши мумкин. Бу «денгиз касали» дейилади. Автобусларга ўтирганингизда ҳам, манзилга етгунча ана шундай «касаллик» билан оғриб қоласиз. Худди асфальт йўлда, замонавий автобусда эмас, чексиз уммоннинг тўлқинларига қарши кемада ҳаракатланаётгандек бўласиз. Бунга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган, мижозни кўриб қолса, учинчи қатордан қайрилиб юборадиган таксичи ва одамларни «картошка» деб ўйлайдиган автобус ҳайдовчилари сабаб бўлишади.

«Ҳар куни 79 ёки 69-автобусда ўқишга бораман. Йўл 15-20 дақиқалик бўлса ҳам, 40-50 дақиқа олдин бекатга боришга мажбурман. Чунки йўналишдаги автобуслар бир-бири билан пойга ўйнайди. Бир-бирини қувиб ўтиб кетишади ва бу пойгага улгурмаган одамлар кейингисини камида 30-40 дақиқа кутади»

Раҳмонова Машҳура (йўловчи)

«3 йилдан бери 131 ва 116-автобусда Жаҳон тиллари университетига қатнайман. Бу йўналишдаги автобуслар бир-бирига рақиб. Кўп ҳолларда икки автобус бир вақтда келиб, кейингилари жуда ҳам кечикади. Пойгага берилиб бекатларда тўхтамай ўтишади. Энг ёмони йўловчиларни нақд пул берадиган ва ойлик йўл чиптасидан фойдаланадиган йўловчиларни ажратишади. «Ана, яна битта ***  қўлида проезднойи билан чиқяпти» деганларигача эшитганман. Пойга оқибатида бир-бирининг йўлига чиқиб кетишади ва бирданига тормоз босилади. Бутун автобус ағдар-тўнтар бўлиб кетади».

Валиева Озода (йўловчи)

Эрталаб ўқиш ва ишга кетаётган автобус ичидаги одамлар тиқилинчда зўрға нафас олишади. Ана шу одамлар солиқ ҳам, йўлкира ҳам тўлайди. Бу муаммолар шунчалик «қадрдон» бўлиб кетганки, одамлар унинг муаммолигини ҳам унутиб юборишган. Замонавий ситилар қуриляпти, аммо жамоат транспортлари ситига мосми! Бутун дунёда электрон тизимдан фойдаланилаётган пайтда биз ҳали ҳам автобусларга нақд пул тўлаб юрибмиз. Шунинг учун ҳам бир йўналишда бўлган автобуслар йўловчи талашиб пойга ўйнашяпти.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарорига асосан йўловчи ва ташувчи ўртасида муайян шартнома тузилади. Шартноманинг ҳужжати чипта ҳисобланади. Йўловчилар оқими ва нақд пул тушуми мазкур восита (чипта) орқали ҳисобланади».

Равшан Ёқубжонов Тошшаҳартрансхизмат АЖ матбуот котиби

Кўпинча ана шу чипта иккига бўлиб берилади. Битта чипта икки кишига бўлиб берилса ва бу ҳолат бутун кун давом этса, икки киши берган пулнинг ярми ҳайдовчи ва чиптачи ўртасида «арра» бўладими ? Кўриб турганингиздек, тизим пухта эмас. Ривожланган давлатлардан бири - Жанубий Корея мисолида оладиган бўлсак, йўловчи ва ташувчи ўртасида ҳеч қандай «олди-берди» бўлмайди. Ҳаммаси махсус электрон тўлов тизими ёрдамида амалга оширилади. Бу эса ҳайдовчиларнинг қўшимча маблағ ишлаш ниятини йўқ қилиб, фақат йўловчилар хавфсизлиги ҳақида ўйлашини таъминлайди.

199-автобус Чирчиқ шаҳридаги одамларнинг устидан майна қилиб ҳаракатланаётгани, жорий йилнинг 3 май куни 147-автобус иштирокидаги мудҳиш воқеа ва кўплаб бошқа нохуш вазиятлар одамларнинг жамоат транспортларига ишончини йўқотмоқда. Буни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг интернетдаги саҳифасига келиб тушган, жамоат транспорти ҳақидаги ҳар қандай мақолага берилаётган изоҳлардан англаш мумкин.

«Кўпчилик автобус ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмайди. Пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган одамларга йўл бериш у ёқда турсин, устига қараб ҳайдашади. У полосадан бу полосага ўтиб ҳаракатланиши енгил автомобилларга халақит беради».

Атамуратов Сухроб (ҳайдовчи)

«Нега айрим автобуслар бекатларда 10-15 дақиқалаб тўхташяпти? Ким жавоб бера олади? Нима, сизлар йўловчиларни қийнаб мазза қиласизларми!?»

Гулноза Урманова (интернет фойдаланувчиси)

«2018 йил 25 июлида давлат рақами 11|211НСА бўлган 97-автобус бекатларда тўхтамай ўтиб кетди. Нега йўловчи пиёда юриши керак? Нега хоҳлаган жойида тўхтаб, хоҳлаган жойида тўхтамай ўтиб кетишади!? Илтимос, назоратга олинг.

2018 йилнинг 7 сентябрида давлат рақами 369ZFA бўлган 90-автобусда кетаётган эдим. Афғон уруши қатнашчиси ва иккинчи гуруҳ ногирони эканлигимни тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатсам, бу автобусда бундай ҳужжатлар ўтмаслигини айтиб пул талаб қилишди».

Раъно Пулатова

«Соат 19.00. 81-автобус эса гаражга кетди. Уйгача қандай етиб олай!?»

Константин Потапов

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг интернетдаги саҳифаси саволлар-жавоблар бўлимига 48та эътироз келиб тушган. Уларнинг 12таси «ToshBus» иловаси ишламаётгани ҳақида, 25таси автобус ҳайдовчиларининг қонунга зид ҳаракатланиши ва 11таси бир-бири билан пойга уюштиришидан норозилик кайфиятидаги изоҳлар. Улар орасида бирорта ҳам ижобий изоҳ йўқ ва барча изоҳлар жавобсиз қолдирилган.

«Нега TаshBus иловаси ишламаяпти? Ҳамма онлайн дўконлардан ўчириб ташланибди».

Ғайрат Раҳимов (интернет фойдаланувчиси)

«TаshBus мобил иловаси ишламаётгани рост. Аммо MyBus иловаси ишлаб турибди. Баъзан илова ишламай қолаётган бўлса, интернет тармоғидаги техник узилишлар сабаб бўлиши мумкин».

Масъулларнинг гапларидан кўриниб турибдики, бир илова анчадан бери ишлаяпти, иккинчи иловани ишлатишда аҳоли қийинчиликларга учраяпти ва бу муаммолардан уларнинг хабари бўлган. Йўловчиларга иловадан фойдаланиш қулай. Демак, мавжуд камчиликлар тезроқ тузатилиши керак эди.

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълумот беришича, жамоат транспорти учун бекатларда тўхтаб туриш ва қўзғалиш аниқ вақти белгиланмаган. Лекин бу хоҳлаган бекатда 10-15 дақиқалаб туриб, хоҳлаганда тўхтамасдан ўтиб кетиш учун сабаб эмас. Жамоат транспортининг доимий фойдаланувчиларига «Тушадиган борми!» ибораси таниш. Аслида, тушадиган бўлиш-бўлмаслигига қараб бекатларда тўхташ ёки тўхтамаслик ҳал қилинмаслиги керак. «Автобуслар йўловчи оқимидан келиб чиқиб ҳаракатланиши, бекатда йўловчи тушиб, чиқиб бўлгач, эшиклар тўлиқ ёпилгандан сўнгина бекатдан қўзғалиши лозим», деди ТШТХ акциядорлик жамияти матбуот котиби. Аммо реал ҳаётда аҳвол умуман тескариси. Кўп ҳоллардагидек, қоидалар ўзи билан, реал ҳаёт ўзи билан оворалигича қолмоқда.

ТШТХ бошқарма бошлиғи Мохирхўжа Валиев 2018 йилнинг сентябрида «Газета.уз»га берган маълумотига кўра, 2019 йилнинг 1 июнигача барча автобусларда икки-учтадан видео-кузатув камералари ўрнатилиши,  йил якунигача эса тўлиқ электрон тўлов тизими жорий этилади. Аҳоли бу маълумотга ишонқирамаётгани изоҳлардан кўриниб турибди. Нима бўлганда ҳам, яхши янгиликларга умид қиламиз. Транспорт ҳам ситиларга мос бўлсин! 

Мавзуга оид