Денгиз саёҳатига чиққанмисиз? Доимий тўлқинларга қарши сузиш натижасида бош оғриши, кўнгил айниши ва киши қайт қилиши мумкин. Бу «денгиз касали» дейилади. Автобусларга ўтирганингизда ҳам, манзилга етгунча ана шундай «касаллик» билан оғриб қоласиз. Худди асфальт йўлда, замонавий автобусда эмас, чексиз уммоннинг тўлқинларига қарши кемада ҳаракатланаётгандек бўласиз. Бунга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган, мижозни кўриб қолса, учинчи қатордан қайрилиб юборадиган таксичи ва одамларни «картошка» деб ўйлайдиган автобус ҳайдовчилари сабаб бўлишади.

«Ҳар куни 79 ёки 69-автобусда ўқишга бораман. Йўл 15-20 дақиқалик бўлса ҳам, 40-50 дақиқа олдин бекатга боришга мажбурман. Чунки йўналишдаги автобуслар бир-бири билан пойга ўйнайди. Бир-бирини қувиб ўтиб кетишади ва бу пойгага улгурмаган одамлар кейингисини камида 30-40 дақиқа кутади»

Раҳмонова Машҳура (йўловчи)

«3 йилдан бери 131 ва 116-автобусда Жаҳон тиллари университетига қатнайман. Бу йўналишдаги автобуслар бир-бирига рақиб. Кўп ҳолларда икки автобус бир вақтда келиб, кейингилари жуда ҳам кечикади. Пойгага берилиб бекатларда тўхтамай ўтишади. Энг ёмони йўловчиларни нақд пул берадиган ва ойлик йўл чиптасидан фойдаланадиган йўловчиларни ажратишади. «Ана, яна битта ***  қўлида проезднойи билан чиқяпти» деганларигача эшитганман. Пойга оқибатида бир-бирининг йўлига чиқиб кетишади ва бирданига тормоз босилади. Бутун автобус ағдар-тўнтар бўлиб кетади».

Валиева Озода (йўловчи)

Эрталаб ўқиш ва ишга кетаётган автобус ичидаги одамлар тиқилинчда зўрға нафас олишади. Ана шу одамлар солиқ ҳам, йўлкира ҳам тўлайди. Бу муаммолар шунчалик «қадрдон» бўлиб кетганки, одамлар унинг муаммолигини ҳам унутиб юборишган. Замонавий ситилар қуриляпти, аммо жамоат транспортлари ситига мосми! Бутун дунёда электрон тизимдан фойдаланилаётган пайтда биз ҳали ҳам автобусларга нақд пул тўлаб юрибмиз. Шунинг учун ҳам бир йўналишда бўлган автобуслар йўловчи талашиб пойга ўйнашяпти.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарорига асосан йўловчи ва ташувчи ўртасида муайян шартнома тузилади. Шартноманинг ҳужжати чипта ҳисобланади. Йўловчилар оқими ва нақд пул тушуми мазкур восита (чипта) орқали ҳисобланади»