Ўзбекистон | 09:00 / 19.05.2019
3709
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда МГИМО битирувчиларининг 5-форуми ўз ишини бошлайди

Фото: biograph.ru

Тошкентда 19 май куни МГИМО (Московский государственный институт международных отношений) – Москва давлат халқаро муносабатлар институти биритувчиларининг 5-форуми очилади. Форум иштирокчилари орасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Мўғулистон ва Словкаия ташқи ишлар вазирлари Дамдингийн Цогтбаатар ва Мирослав Лайчак, Россия маданият вазири Владимир Мединский, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов, Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Азер Талибов ва бошқа кўплаб номдор кишилар бор. МГИМО кузатув кенгаши аъзоси, ТАСС ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусман форумнинг бош сессияси модератори бўлади.

Аввалроқ форумлар Боку, Москва, Ереван ва Остонада бўлиб ўтган. Институт ректори, Россия Фанлар академияси академиги Анатолий Торкуновнинг айтишича, Тошкент бежизга анжуманни ўтказиш учун майдонча сифатида танланмаган. 

“Бу ерда собиқ иттифоқ вақтида таълим олган кўплаб битирувчиларимиз ҳамда Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ўқиганлар ишлайди. Эндиликда улар кўплаб тузилмаларда, ташқи сиёсат, бизнес, таълим ва маданият соҳаларида муваффақиятли ишлашмоқда”, деб айтган Торкунов. 

Форум иштирокчилари жаҳон кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишади. Форум доирасида халқаро хавфсизлик, Марказий Осиё муаммолари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар истиқболларига бағишланган катта анжуман бўлиб ўтади. Бундан ташқари, меҳмонларга Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, МГИМОнинг жорий йил Ўзбекистонда очиладиган филиали тақдимоти бўлиб ўтади. 

Владимир Мединскийнинг фикрича, форум нафақат институтдаги дўстларнинг учрашув жойи, балки “галстукларсиз” мулоқот қилиш учун ажойиб майдонча ҳисобланади.

МГИМО Россиянинг халқаро йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унинг ташкил этилган санаси 1944 йил 14 октябрь ҳисобланади. 1946 йилдан бошлаб институтга хорижий давлатлардан талабалар қабул қилина бошланган. 

Мавзуга оид