08:45 / 20.05.2019
2896

Абдулазиз Комилов БМТ бош котибининг ёрдамчисини қабул қилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енчани қабул қилди. У Москва халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг (МГИМО) V Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатга келган.

Суҳбат чоғида президент Шавкат Мирзиёев ва БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг апрель ойида Пекин шаҳридаги самарали музокаралари чоғида эришилган келишувларни жорий этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.

БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятининг бошланиши мамнуният билан қайд этилди. Ҳозирги вақтда бир қатор давлатлар фондга маблағ ажратиш тўғрисида маълум қилдилар. Хусусан, Ўзбекистон режаланган 6 миллион АҚШ долларидан 2 миллион миқдоридаги дастлабки траншни фондга ўтказди. Орол денгизининг олдинги тубида 500 минг гектарга яқин майдонга ҳимоя кўчатлари экилди, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 500дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди.

Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган. Суҳбатда БМТ Резидент-координатори Ҳелена Фрейзер иштирок этган.

Top