Спорт | 10:40 / 21.05.2019
25538
6 дақиқада ўқилади

Бэйл «забастовка» бошламоқчи. У «Реал»дан жуда катта пул талаб қилмоқда

«Реал» ҳужумчиси Гарет Бэйл яқин вақтлар ичида клубни тарк этмоқчи эмас. 

Нималар бўлмоқда?

«Реал»да ишлар чатоқ. Мадрид клуби тарихидаги энг омадсиз мавсумлардан бирини ўтказди ва мавсум қандай ёмон кечган бўлса шундай ёмон якунланди. Зинедин Зидан жамоаси Испания чемпионатининг охирги турида «Бетис»га 0:2 ҳисобида ютқазди ва бу мағлубият чемпионатдаги 12-мағлубият бўлди. Жамоа чемпион «Барселона»дан 19 очко ортда қолиб кетди - тарихда ҳеч қачон бу жамоалар ўртасида бундай катта фарқ кузатилмаганди.

Мавсум аллақачон якунланди ва энди янги мавсумга тайёрланиш керак. Лекин «Реал»да яна бир жиддий муаммо бор. Гарет Бэйл номидаги муаммо.

Уэльслик футболчи мавсум якунидаги учта учрашувда майдонга туширилмади. Зидан уни «Вильярреал» ва «Реал Сосьедад»га қарши ўйинларга заявка қилмаганди, «Бетис»га қарши ўйинда эса у ўйинни охиригача захира ўриндиғида кузатди. Қаттиқ хафа бўлган Бэйл буни ўз ҳаракатлари билан очиқ намойиш этди, ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги янграши билан у жамоадошлари қаторида мухлислар қаршисига уларни олқишлаш учун бориш ўрнига кийим алмаштириш хонасига йўл олди.

«Мен нима учун Бэйлни ўйинга туширмадимми? Чунки бугунги ўйинга бошқа футболчиларни туширишни мўлжаллаб қўйгандим. Агар футболчи жамоа ўйинига қўшилиб кетмаса, мен бошқа вариантларни, бошқалардан яхшироқ ишлайдиганларни излашга мажбур бўламан. Шунинг учун бугун бошқалар ўйнашди (Асенсио, Иско ва Лукас Васкес». Ортиқ ҳеч гап йўқ. Бундан кейин нима бўлишини билмайман, лекин клубда қарорни мен қабул қиламан. Ҳа, Гарет бу ерда кўп вақт ўйнади, аммо ўтмиш билан эмас, бугун ва келажак билан яшалади», деди бунга изоҳ бера туриб Зидан.

Бэйл бу борада расмий изоҳ бергани йўқ. Аммо Radioestadio нашри унинг гўё кийим алмаштириш хонасида жамоадошларига айтган сўзларини келтирди: «Менда шартнома бўйича уч йил муддат бор. Агар улар мен кетишимни исташса, ҳар бир мавсум учун 17 миллион евродан тўлашлари керак. Агар улар бундай қилишмаса, мен қоламан. Агар бу уч йилни гольф ўйнаб ўтказишимга тўғри келса, гольф ўйнайман».

Қайд этиш керакки, бу хабарни на Бэйл ва на унинг агенти рад этиб чиқмади. Бошқа бир хорижий нашр – Independent – эса Зиданнинг сўзларини келтирди: «Агар менда тўртинчи футболчини алмаштириш имконияти бўлганида ҳам Бэйлни майдонга туширмасдим». Аммо кейинроқ бу ибора фейклиги маълум бўлди.

«Реал» нима учун бу футболчидан воз кечади?

Барчаси жуда оддий. Ёзги трансферлар вақтида таркибда кардинал ўзгаришларни амалга оширмоқчи ва жамоага янги футболчиларни олиб келиш учун катта пуллар керак. Испан нашрлари аллақачон Зидан қутулмоқчи бўлган футболчиларнинг рўйхатини келтирди. Булар Кейлор Навас, Серхио Регилон, Хесус Вальехо, Тео Эрнандес, Дани Себальос, Хамес Родригес, Мартин Эдегор, Браим Диас, Матео Ковачич, Оскар Родригес, Борха Майораль ва албатта Бэйл.

Сўнгги йилларда жароҳатлар туфайли беқарор ўйин кўрсатиб келган ва асосийси Зидан билан зиддиятга борган уэльслик футболчини сотиш – Мадрид клубининг ёздаги асосий мақсадларидан биридир. Бу қимматбаҳо футболчининг трансферидан келадиган маблағлар юлдуз футболчилар трансфери (Погба, Азар, Мбаппе) учун харажатларнинг бир қисмини қоплаши ва молиявий фейр-плей шартларини осонлаштириши мумкин.

Уэльслик юлдуз кимга керак?

Аммо Бэйлдан «қутулиш» осон иш эмас. Барча биладики, бу футболчи яқинда 30 ёшга чиқади ва унинг тезлиги, спорт формаси ва ўйини йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Бундан ташқари, у жуда кўп миқдорда маош талаб қилади (17-20 миллион евро). Назарий жиҳатдан, бу ҳолатда «Реал» уни ўз трансфер қийматидан арзонроққа сотиши керак бўлади - аммо Мадрид клуби бундай йўл тутишга рози бўлармикин?

Бэйлга Англияда қизиқишлар мавжудлиги тўғрисида миш-мишлар юради. Хусусан, «Манчестер Юнайтед» ва унинг собиқ жамоаси «Тоттенҳэм» уни сафига қўшиб олиши мумкин. Аммо Премьер-лиганинг телевизион шартномалар орқали бойиб кетган миллиардер клублари ҳам ўз маблағларини ўз фаолияти чўққисидан туша бошлаган футболчи учун сарфлашни истайдими? Кўринишидан, Гаретда икки вариант бор: маоши камайиши эвазига бўлсада топ-даражада футбол ўйнашда давом этиш ёки пуллар учун Хитойга ёки океанортига етиш.

Ёки йилига 17 миллион евро олиб, гольф ўйнаш билан машғул бўлиш варианти ҳам бор.

Мавзуга оид