Ўзбекистон | 13:40 / 22.05.2019
58703
2 дақиқада ўқилади

Президентликка собиқ номзод Сарвар Отамуродов партия раҳбарлигидан кетди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов лавозимини тарк этди.

Kun.uz манбаси маълумотига кўра, у энди «Ўзагросуғурта»​ акционерлик жамияти раҳбари лавозимида иш бошлаган.

«Ўзагросуғурта»​ АЖга 2017 йилнинг августидан буён раҳбарлик қилиб келган Саидқаҳҳор Холхўжаев бироз аввалроқ Марказий банк раисига ўринбосар бўлганди.

Сарвар Садуллаевич Отамуродов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) битирган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия Академиясини, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Социология фанлар номзоди.

У Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси бўлиш билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ҳисобланарди.

У 2009 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланганди. 2010-2014 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2013 йилда «Миллий тикланиш» партияси раҳбари этиб сайланган.

2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарига айланган, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси эди. У бу лавозимларини ҳам тарк этган.

Маълумот учун, Сарвар Отамуродов 1995-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги валюта-иқтисод Бош бошқармасида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари ва Бош бошқарма бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2006-2010 йилларда Ўзбекистон суғурта компанияларида фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамуродов Ўзбекистон президентлиги учун собиқ номзод ҳисобланади. У 2016 йилнинг декабрида ўтказилган сайловда «Миллий тикланиш» партиясидан номзод сифатида иштирок этганди.

Мавзуга оид