08:37 / 23.05.2019
15474

Икки паспорт билан икки жойдан пенсия олаётган фуқаро жавобгарликка тортилди

Навоий вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро С.Ф. 2017 йилда ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб Пенсия жамғармасининг Навоий шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати.

Мурожаатчи ўз аризасига илова тарзда меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотномалар ҳамда 11.10.2002 йилда ИИБ томонидан берилган ва Навоий шаҳрига доимий яшаш учун рўйхатга қўйилган паспорт нусхасини тақдим қилган. Ушбу ариза Пенсия жамғармасининг Навоий шаҳар бўлими томонидан кўриб чиқилиб, ёшга доир пенсия тайинланган.

Пенсионер С.Ф.да 2 та фуқаролик паспорти мавжуд бўлган. Ушбу фуқаро қонунчиликка зид равишда 2018 йилда Пенсия жамғармасининг Кармана туман бўлимига меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотномаларни ҳамда 15.06.2015 йилда ИИБ томонидан берилган ва Кармана туманига доимий яшаш учун рўйхатга қўйилган паспорти нусхасини илова қилган ҳолда ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган. Тақдим қилинган ҳужжатларда шубҳали ҳолатлар кузатилмаганлиги боис аризачининг хатти-ҳаракати натижасида Пенсия жамғармасининг бошқа бир бўлими томонидан яна бир бор ёшга доир пенсия тайинланган.

Икки паспорт эгаси бўлган мазкур фуқаронинг қинғир ишлари жорий йилда Пенсия жамғармаси мутахассислари томонидан масофадан камерал тартибда ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланиб, 5,7 млн. сўмлик жамғарма маблағлари ортиқча сарфланганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳужжатлар ўрнатилган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига топширилди.

Амалдаги пенсия қонунчилигига биноан бир фуқарога бир вақтнинг ўзида икки маротаба пенсия тайинланиши ва тўланиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига асосан давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.

Top