Ўзбекистон | 12:10 / 24.05.2019
6906
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси иш бошлади

24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатларининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Даниэл Розенблюмни қабул қилди.

«Вазир элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, уни илиқ қутлади ва масъулиятли вазифасини бажаришда муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи ҳамда олий ва юқори даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқланди», дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик айрим масалалар ҳам муҳокама қилинган.

АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги кейинги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишлаган Памела Спартлен ўз ваколатларини тугатгач, 2018 йилнинг августида АҚШ сенати Даниэл Розенблюмни янги элчи этиб тасдиқлаган эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид