19:38 / 24.05.2019
3742

Корея Республикасининг янги элчиси Комиловга ишонч ёрлиғини топширди

Фото: Ташқи ишлар визирлиги

24 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Кан Чже Квонни қабул қилди.

“Ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширишга бағишланган қисқа маросимдан сўнг вазир элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан табриклади ҳамда унга юқори ва масъулиятли лавозимда муваффақият тилади”, дейилади ТИВ хабарида.

Хабарда айтилишича, ўзаро суҳбатда Ўзбекистон ва Корея президентларининг 2017 йил ноябрь ойида Сеулдаги ва 2019 йилнинг апрел ойида Тошкентдаги учрашувлари чоғида эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш масалаларига ҳамда турли соҳа ва шакллардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Ташқи ишлар визирлиги

Таъкидланишича, учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқлари фаровонлиги йўлида алоҳида стратегик шериклик ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончнинг анъанавий юқори даражаси сақлаб қолинишига ҳамда мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

Top