Жаҳон | 03:54 / 25.05.2019
15247
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронни БАА соҳиллари яқинида танкерларга уюштирилган ҳужумда айбламоқда

АҚШ Қуролли кучларининг бирлашган штаби раҳбари, контр-адмирал Майкл Глидей Америка Эроннинг Ислом инқилоби соқчилари корпуси (ИИСК) ни Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра бандаргоҳида нефть танкерларига уюштирилган ҳужумда айбдор деб билишини эълон қилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Фото: Фужайра яқинида ҳужумга дучор бўлган Саудиянинг Ал-Марзуқа нефть танкери

«Биз Фужайрада юз берган кемаларга ҳужумни ИИСКга тўнкаймиз», — дея таъкидлаган Глидэй.

Унинг сўзларига кўра, Пентагон портлатиш учун ишлатилган магнитли миналар ИИСКга тегишли эканини аниқлаган. Бу ҳолда Глидэй портловчи қурилмаларни Эрондан БААга келтирилиши услубини таърифлашдан ўзини тийган.

Эрон билан муносабатларда кескинлик юзага келаётган бир пайтда АҚШ Яқин Шарққа яна 1,5 минг ҳарбий жўнатилиши ойдинлашгач, Глидэй ана шундай баёнот билан чиқиш қилган.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни турли давлатларга тааллуқли тўрт савдо кемаси Бирлашган Араб Амирликларининг шарқида жойлашган Фужайра бандаргоҳи ҳудудида ҳужумга дучор бўлган. Диверсия объектлари бўлган тўрт кемадан иккитаси Саудия Арабистонининг нефть танкерларидир.

Бундан аввал оммавий ахборот воситалари АҚШ миллий хавфсизлик агентлигига таяниб, БААда тижорат кемаларига ҳужум қилишда Эронга ишловчи ёки унга таассуб қилувчи кучлар турган бўлиши мумкинлигини хабар қилишган эди.

Мавзуга оид