Жамият | 21:09 / 30.05.2019
19325
8 дақиқада ўқилади

«Аёлларни оқсоқол дейиш сал малол келади-да!». Маҳалла сайловларига бир назар

Маҳалла институти қонунчиликдаги ўзига хосликлардан бири ҳисобланади. Бу муассаса вакиллари жамиятда ўз таъсир доирасига эга бўлиши ва фуқароларга таянч бўлиши лозим. Шу сабабли, бу масъулиятли касб эгалари учун сайловлар ҳам ўзига яраша масъулият билан ўтказилиши лозим. Маҳалла раиси сайловларига бир назар ташлашга қарор қилдик. Фикр олиш учун пойтахтимиздаги бир неча маҳалла раислари билан суҳбатлашдик.

Даставвал, Миробод тумани «Сарикўл» маҳалла фуқаролар йиғини раислиги учун ўтказилган сайлов комиссияси раиси Дилмурод Мирзаев меҳмони бўлдик. Жамоат фаоли бизга сайлов ўтказиш тартибини тушунтириб берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Сайлов ўтказиш тартиби ҳақида қисқача

«2018 йил 15 октябрида қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунга кўра, бу йил май ойида бутун республика бўйлаб маҳалла раисларига сайлов ўтказилди. Бизда ҳам бу сайловни ўтказиш учун масъул ишчи гуруҳ тайинланди. 15 кишидан иборат фаоллар жалб этилди. Аввалари ҳар 40-45 кишидан бир киши вакил этиб сайланса, янги қонунга кўра фуқароларнинг умумий сонидан 12 фоизи вакил этилиши белгиланган. Бу дегани, фуқароларнинг сайловда қатнашадиган қисмининг сони кўпайди.Тажриба шуни кўрсатадики, авваллари 50-55 киши сайловда қатнашарди. Бу сайловда сайловчилар сони 428 кишини ташкил этди.

Тартиби шундан иборатки, олдинги маҳалла фуқаролар йиғинининг умуммажлиси ўтказилади. Бу йиғилишда сайлов ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ сайланади. Бу жараён 40 кун олдин бўлиб ўтади. Ишчи гуруҳ ўз фаолиятида иш режасини тузади.

Масалан, 2 апрель куни Сарикўл кўча 34-кўпқаватли уйда ҳамда Хўжаобод кўчасида маҳалла вакиллари сайловини ўтказишимиз керак. Айтишингиз мумкин, ҳамма одамларни тўплай олдингизми деб. Бу олифта гап бўлиб қолади. Бу жуда камдан-кам кузатиладиган ҳолатдир. Кўпқаватли бино олдида бўлиши мумкиндир, лекин ҳовлиларда буни ўтказиш жуда қийин. Шу сабабли, уйма-уй юриб хабардор қилдик. Шу асосда баённомалар тасдиқланди», дейди комиссия раиси.

Шундан сўнг, сайлов натижасида ўзининг янги муддатига сайланган Яшнобод тумани «Янгинур» МФЙ раиси Рустам Авазов билан учрашдик. Суҳбат мазмуни шу вақтга қадар ўтказган раислик йўли ва соҳадаги таклифлари ҳақида бўлди.

Юки оғир маҳалла иши

«Раис бўлиб сайланганимга 3 йил бўлди. Бу йил яна қайта сайландим. Маҳалламиз ташкил этилганига 50 йилдан ошди. 1966 йилги зилзиладан кейин ташкил этилган. Маҳалла раислиги ҳақида айтадиган бўлсам, юки жуда ҳам оғир. Чунки, битта оилани бошқариш ўзи машаққатли иш. Буни юргизишнинг масъулияти ҳам жуда ҳам оғир. Бунинг юкини олиш учун авваламбор ҳалол бўлиши керак. Янги сайланган вақтимда битта шарт қўйганман: «Бу ерга одамлар дарди билан келади. Қўшни билмаганни маҳалла идораси билади. Бу ерда ҳамма ишлар жанжал-тўполонсиз ҳал этилади». Шу шартларга риоя қилиб, 21та ажримга тушган оиланинг 19тасини яраштирдик. Таклифларим шундайки, 35-40 ёшдаги одамларнинг номзоди ҳам раисликка қўйилган. Улар ёш, оиласи ёш. Қандай қилиб маҳаллани тортиб кетади? Шу сабабли, маҳалла раислигига 45-50 ёшдаги кишилар номзоди қўйилгани маъқулроқ. Иккинчиси, бизда ҳам маҳалла раиси, ҳам оқсоқол дейилади. Энди бизда аёл раислар ҳам бор. Уларга нисбатан «оқсоқол» дейиш малол келади. Маҳалламиз бўйича ҳам таклифларимни берганман. Масалан, бизда стадион йўқ. Президентимиз айтганидек, маҳалламиздаги «жайдари» болалар футбол ўйнаб юрганини кўриб юрардим. 2018 йил Тошкент шаҳар бўйича мусобақа ўтказилаётганини эшитиб, уларни мусобақага олиб бордим. Қарабсизки, маҳалламиз болалари 11 туман ичида чемпион бўлиб турибди-ку! Чемпион бўлиш учун стадион бўлиши шарт эмас экан. Авваламбор, ватанпарварлик руҳи бўлиши керак экан. Агар шундай болаларга эътибор берилса, келажакда жаҳон чемпионлари чиққан бўларди. Битта бўлса ҳам маҳалламдан жаҳон чемпиони чиқса, мен учун катта бахт бўларди», дейди маҳалла раиси.

Сайловдан норози собиқ раис

Сайловлар ҳар доим ҳам тарафлар розилиги асосида ўтказилиши душвор масаладир. Анча вақтдан бери, бизга ўз мурожаатини йўллаб, сайловлардан норозилигини билдираётган одамлардан бири Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, «Ҳамид Сулаймон» МФЙнинг собиқ раиси Тўлқин Эшмаматовнинг сўзларига қулоқ тутдик.

«2016 йил 13 майда сайланиб раис лавозимида ишлаб келдим. Бу йил 11 май куни сайлов нотўғри ўтказилди. 5 кун аввал номзодлар рўйхати чиқарилиши керак эди, лекин ундай бўлмади. Кейинроқ келтирилган номзодлар орасида менинг номзодим йўқ эди. Мен бу масалада Кенгашга ҳам, ҳокимиятга ҳам учрашдим. Номзодим республика комиссиясидан ўтмаганини айтишди. Республика комиссиясига қўнғироқ қилганимда, аксинча «суҳбатдан ижобий ўтганлар орасида бор», дейишди. Ҳайрон бўлдим. Нима учун туман ҳокимияти ва кенгашда бундай дейишди? Ҳоким ҳам айнан шу гапни айтишган эди. Суҳбатда ҳоким ҳам ўтирган эди. Комиссия раиси менга ўша ернинг ўзида ижобий баҳо берганини айтганди. Лекин тушунарсиз сабаб билан менинг номзодим қўйилмади. Тушундимки, мен қийналган оилаларга Сергелидан уй олиб берганим, ўз қатъий сўзимни айтганим ҳозирги раҳбарларга ёқмас экан. Демак, улар нима дейишса, хўп деб кетавериш керак экан. Уларга талаб қўйсанг ёқмас экансан. Қонун доирасида маҳалладаги одамларга уй-жойларини қилиб беришда ёрдам бергандим», дейди собиқ маҳалла раиси.

Собиқ раиснинг сўзларини тинглаб, бир нарсага эътибор қаратдик. Юқорида айтилган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонун 16-моддасига кўра, ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди ва туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади, дейилган. Демак, бирор маҳаллага раис сайланишидан олдин туман ҳокими билан келишиш талаб этилар экан. Ҳоким бундай тарзда иш тутишига ваколати бор экан ва у нотўғри иш қилмаган экан-да? Қизиқ, тажрибаларимиздан биламизки, фидоий маҳалла раислари ўз маҳалласининг манфаатларидан келиб чиқиб иш юритса кўп ҳолларда ҳокимлик билан зиддиятга бориб қолиши ҳолатлари кузатилади. Иш бўлганидан кейин бундай ҳолатлар бўлиши табиий, бизнингча. Бундай қонун нормаси айнан шундай вазиятда ҳокимларга маҳалла раисларининг овозини ўчириш учун «қўшимча имтиёз» бермайдими? Агар бутун маҳалла бирор шахснинг номзодини илгари сурса-ю, бу қурғур номзод деганлари ҳокимбувага ёқмаса, ўша «ваколати»дан фойдаланишига имкон туғилмайдими? Халқимиз тили билан айтилган «Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан» дегани шудир балки.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид