Ўзбекистон | 12:53 / 30.05.2019
17737
4 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси Учтепа тумани бўйича қарор қабул қилиши кутиляпти

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2021 йилларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган “2019-2021 йилларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” маъқулланиши мумкин.

Дастурнинг асосий устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан хотин қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;

кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича қўшимча инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш орқали солиқ базасини кенгайтириш;

муҳандислик коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ, электр ва иссиқлик энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

аҳоли яшаш жойларининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда лойиҳаларда қурилиш ишларини бажариш, уларни асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган ҳолда тармоқ жадвалларини ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тижорат банклари билан биргаликда лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини ташкил этиш мақсадида ташаббускорларга бизнес режа ва тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилишида талаб этиладиган зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Учтепа тумани, 20 мавзе, Заргарлик кўчаси, 10а-уйда жойлашган “Газавтоматика” акциядорлик жамиятига қарашли умумий майдони 11 456 кв.м. ер майдони (бино-иншоотлари билан) негизида кичик саноат зонаси ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Белгилаб қўйилишича, Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги гаражлар ҳамда қаровсиз бўш турган ер майдонларида енгил конструкцияли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун истисно тариқасида туман ҳокимининг қарори асосида рухсат берилади.

Республика тижорат банкларига:

Дастурга киритилган инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредит маблағлари ажратиш;

Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган Дастурлар асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларини биринчи навбатда кам таъминланган оилалар, хотин қизлар ва ёш тадбиркорларга йўналтириш тавсия этилади.

Мавзуга оид