08:23 / 31.05.2019
22224

ОАВ Шимолий Кореянинг АҚШ бўйича махсус вакили қатл этилганини маълум қилди 

Фото: EPA

Шимолий Кореяда март ойида давлат кенгашининг АҚШ масалалари бўйича махсус вакили Ким Хек Чхоль ва Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлигининг яна 4 мансабдор шахси қатл этилган. Қатл этилганларнинг барчаси Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан Ханойдаги саммитида иштирок этган. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Chosun Ilbo нашри хабар берди. 

Нашр маълумотларига кўра, Шимолий Корея меҳнат партияси марказий қўмитасининг бирлашиш масалалари бўйича бўлим бошлиғи, Ким Чен Иннинг биринчи ўринбосари Ким Ён Чхоль эса Чагандо провинциясига “қайта тарбияланишга” сургун қилинган.

Нашрга аноним манбанинг хабар беришича, қатл этилганлар АҚШ фойдасига жосуслик қилишда айбланган, бироқ уларнинг қатл этилишининг ростмана сабаби улар Трамп билан келишувга эриша олишмагани ҳисобланади.   

Вьетнам пойтахти Ханойда февраль охирида ўтган АҚШ-Шимолий Корея саммити ҳеч қандай келишувларсиз ва белгиланган муддатдан аввал якунланганди. 

Таъкидлаш жоиз, аввал ҳам матбуотда Шимолий Кореяда амалдорлар қатл этилгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ кейинроқ улар тирик ва бешикаст ҳолда кўриниш беришган.

Top