Ўзбекистон | 13:00 / 05.06.2019
8875
2 дақиқада ўқилади

Рамазон ойида 5,5 минг ўзбекистонлик умра ибодатини адо этди 

Фото: Pinterest

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича ОАВ учун брифинг бўлиб ўтмоқда. Тадбир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Рамазон ойида 5,5 минг ўзбекистонлик умра ибодатини адо этганини маълум қилди.

Музаффар Комилов

“Умра – 2018-2019 мавсумида 27 минг 380 нафар ўзбекистонлик зиёратчи умра ибодатини адо этди. Шундан  5 минг 500 нафари муборак Рамазон ойига тўғри келди. Улардан 690 нафари Ҳайит намозини Маккаи мукаррамада, Каъбатуллоҳда адо этишди.

Зиёратчиларга мавсум давомида 22 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 133 нафар шифокор ва  25 нафар ошпаз хизмат кўрсатди. Ҳар бир гуруҳга биттадан тажрибали гуруҳ раҳбари бириктирилди”, - деди у.

Шунингдек, Музаффар Комиловнинг айтишича, илгарилари бир йилда шунча киши умра ибодатини адо қилган. 2018 йил охиридан бошлаб Умра зиёрати бўйича квота олиб ташлангани, ўзбекистонлик мўмин-мусулмонлар зиёратни истаганча амалга оширадиган бўлишгани айтилди.

Бундан ташқари, Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари бошланиши муносабати билан Умра сафарига юбориш ишлари Ҳаж ибодати тугагандан сўнг амалга оширилиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид