Жаҳон | 20:27 / 07.06.2019
9104
3 дақиқада ўқилади

Греция пойтахтида илк масжид қурилди

Греция пойтахти Афинада мамлакат мустақиллиги эълон қилингандан кейин илк масжид бунёд этилди. 7 июнь, жума куни Грециянинг таълим ва дин ишлари бўйича вазири Костас Гаврўғлу масжидда бораётган ишлар ҳақида маълумот олиш учун у ерга ташриф буюрган.

“Бу давлатимиз учун муҳим кундир, чунки кўплаб қаршиликлар ва тўсқинликлардан кейин мусулмон фуқароларимиз, мамлакатга муҳожир ёки қочқин бўлиб келганлар, унга ташриф буюрувчилар учун масжид қуришга муваффақ бўлдик”, деб айтган Гаврўғлу.

Вазир масжидда илк ибодат қачон ўтказилиши ҳақидаги саволга бу сентябрда юз бериши, бироқ 16 августда ҳам бўлиши мумкинлигини айтган.

Гаврўғлунинг баҳолашича, мамлакатда мусулмонлар Греция фуқаролари, мигрантлар, қочқинлар ва мамлакатга келувчи одамларни қўшиб ҳисоблаганда 150 мингдан 200 минггача кишини ташкил қилади.  

“Бугун орзу ушалди. Грек мусулмон жамоаси масжидни анча йиллардан бери кутмоқда. Биз мусулмонларда ибодат учун муносиб жой пайдо бўлишидан хурсандмиз ва унинг қачон ишга тушиши вақт масаласидир”, деб қўшимча қилган вазир.

Амалдорнинг таъкидлашича, хавфсизлик борасида “заррача ҳам муаммо бўлмайди”. “Грек жамияти турли динларга сабр-тоқатлидир. Бирор муносабат ёки қўрқув ҳақида ўйлаш нотўғридир”, деб таъкидлаб ўтган Гаврўғлу.

Таъкидланишича, Афина масжиди анъанавий масжидларга ўхшаш эмас. Жумладан, унинг миноралари йўқ. Унга кираверишда эса грек ва инглиз тилларида “Греция давлати. Таълим, фан ва дин ишлари вазирлиги. Афина ислом масжиди” деган ёзув жойлаштирилган.

Афина Европа давлатлари пойтахтлари орасида масжидга эга бўлмаган охирги пойтахт бўлиб қолаётганди. Греция 1832 йилда Усмон империясидан мустақилликни эълон қилгандан кейин Афинада масжид қурилишига рухсат берилмаган. Бироқ 2013 йилда ҳукумат Вотаникос туманида масжид қурилишига бир миллион еврога яқин маблағ ажратилишини маъқуллаган. Қурилиш маҳаллий аҳолининг норозилигига қарамай борган.

Мавзуга оид