22:48 / 11.06.2019
15945

Рим императорининг олтин тангаси рекорд нархга сотилди

Фото: Dix Noonan Webb

Буюк Британияда милоддан аввалги 293-296 йилларга тегишли ноёб Қадимги Рим олтин тангаси аукцион вақтида 552 минг фунт стерлингга сотилди. Бу нарх шундай лотлар учун рекорд нарх бўлди. 

Танганинг сотилиши билан боғлиқ тафсилотлар Dix Noonan Webb аукцион уйи томонидан маълум қилинди. Гап яқинда Кент графлигида шудгор қилинган ерда топилган олтин танга ҳақида бормоқда. Мутахассислар танга Британияда император Аллектус ҳукмронлик қилган даврда зарб этилганини аниқлашган. 

Танганинг оғирлиги 4,31 грамм келиб, ҳозирги шундай қийматдаги тангалардан бироз оғирроқ келади. Коллекционерларга ушбу танга Allectus aureus номи билан маълум бўлиб, бутун тарих давомида шундай тангадан бор-йўғи 24 та топилган.

Дастлаб танга 70-100 минг фунт стерлингга сотилмоқчи бўлган, бироқ у учун интернет ва телефон орқали муросасиз кураш кечган. Натижада уни аноним коллекционер сотиб олган.

“Мен бу ақлбовар қилмас нархдан ҳайратдаман, бу танга биз Dix Noonan Webb’да сотган энг қимматбаҳо тангадир. Энди у дунёдаги энг қимматбаҳо Рим тангаларидан бири ва Британияда зарб этилган энг қимматбаҳоси ҳисобланади”, деб айтган аукцион уй раҳбари Кристофер Уэбб.

Таъкидланишича, император Аллектус замонида олтин тангалар унинг милоддан аввалги 296 йилдан 293 йилгача ҳукмдорлигининг бутун даври давомида зарб этилган.

Top