01:48 / 12.06.2019
8113

WhatsApp нопок фойдаланувчиларга қарши ҳуқуқий чоралар кўришини маълум қилди

Фото: Global Look Press

WhatsApp мессенжери дастурдан фойдаланиш қоидаларини бузган фойдаланувчилар билан судлашишга тайёрлигини эълон қилди. Янги чоралар мессенжер сайтининг хавфсизлик ҳақидаги бўлимида келтириб ўтилган.

Таъкидланишича, WhatsApp 7 декабрдан хизмат тақдим қилиш шартларини бузишга алоқадор ёки бошқаларга бунда ёрдам берувчи фойдаланувчиларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришни бошлайди.  

Компанияда тушунтирилишича, қоидабузарликлар рўйхатига хабарларнинг автоматлаштирилган ёки оммавий тарқатилиши, дастурдан шахсий мақсадларда фойдаланмаслик киради. 

WhatsApp бир компаниянинг мессенжердан фойдаланиш қоидаларини бузган ҳолда фойдаланиш мумкинлигини оммавий равишда эълон қилганини бундай қоидабузарликка мисол сифатида келтирган.

Sky News нашрининг хабар беришича, огоҳлантириш WhatsApp мессенжер фойдаланувчилари орасида пул ўтказмалари тизимини ишга туширмоқчилигини эълон қилгандан кейин пайдо бўлган. Ҳозирда мессенжер фойдаланувчилари орасида пул жўнатиш тизими Ҳиндистонда синов режимида амалга оширилмоқда.

WhatsApp овозли ва видео-алоқани қўллаб-қувватловчи бепул мессенжер бўлиб, ундан миллиарддан кўпроқ одам фойдаланади. Компаниянинг бош офиси АҚШда жойлашган. 

Top