Жаҳон | 15:11 / 16.01.2026
1465
2 дақиқада ўқилади

Дума депутати: WhatsApp Россияда 2026 йилда тўлиқ блокланиши мумкин

Россияда WhatsApp 2026 йилда тўлиқ блокланади, деб ҳисоблайди Давлат думасининг ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа қўмитаси раҳбари Андрей Свинцов. У бу чорани бўлажак сайловлар фонида “бутунлай асосли” деб атади.

Фото: depositphotos/rafapress

WhatsApp мессенжери Россияда 2026 йилда тўлиқ блокланиши мумкин, деб ҳисоблайди Давлат думасининг ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Свинцов. Унинг сўзларини 15 январ, пайшанба куни ТАСС давлат ахборот агентлиги келтирди.

“Менимча, йил охиригача Роскомнадзор WhatsApp’ни якуний блоклаш учун комплекс чоралар кўради. Бу WhatsApp Россияда экстремистик деб тан олинган Meta компаниясига тегишли экани билан боғлиқ. Бундай қаттиқ чоралар, айниқса сайловолди йилида, мутлақо асосли”, — деди депутат.

Эҳтимол, Свинцов сентябр ойида ўтказиладиган сайловларни назарда тутган. У сайловлар натижасида янги Давлат думаси депутатлари, Россиянинг 10 та субъекти раҳбарлари ва 38 та субъектда қонун чиқарувчи орган депутатлари тайинланади.

15 январ куни Роскомнадзор ҳам мессенжер бўйича вазиятни изоҳлади. Идорада ҳозирча “WhatsApp ишига қўйилган чекловларни бекор қилиш учун асос кўрилмаяпти”, деб билдирилди.

Август ойидан бери Россияда WhatsApp ва Telegram иши фаол равишда чекланмоқда. Ўшандаёқ кўплаб фойдаланувчилар учун ушбу сервислар орқали қўнғироқ қилиш имконияти йўқолган.

Ҳокимиятлар бу чекловларни мессенжерлар “пул ундиришга мажбурлаш, фуқароларни диверсия ва террористик фаолиятга жалб қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилаётгани” билан изоҳлаган.

28 ноябр куни Роскомнадзор WhatsApp Россия қонунлари талабларини бажармаса, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилмаса, тўлиқ блокланиши мумкинлигини огоҳлантирган эди.

22 декабрдан бошлаб эса Россиядаги фойдаланувчилар мессенжер ишидаги муаммолар кучайгани ҳақида кўп шикоят қила бошлади. РБК манбасига кўра, Роскомнадзор WhatsApp тезлигини 70–80 фоизгача секинлаштирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид