Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда Meta’га WhatsApp махфийлиги бўйича даъво қўзғатилди
Шифрлаш (end-to-end encryption) ҳақидаги оммавий баёнотларга қарамай, Meta WhatsApp фойдаланувчиларининг гўё “хусусий” ёзишмаларининг деярли барчасига кириш имконига эга, дея маълум қилди турли мамлакатлардан бўлган даъвогарлар гуруҳи. Компания эса бу айбловларни рад этмоқда.
Фото: REUTERS
Халқаро даъвогарлар гуруҳи Американинг Meta Platforms компаниясини судга берди. Улар компанияни 2014 йилдан бери ўзига тегишли бўлган WhatsApp мессенжерининг махфийлиги ва хавфсизлиги ҳақида ёлғон маълумот тарқатганликда айбламоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги якшанба, 25 январ куни хабар берди.
23 январ куни Сан-Францискодаги округ судига киритилган даъво аризасида айтилишича, WhatsApp ва унинг бош компанияси “WhatsApp фойдаланувчиларининг гўё ‘хусусий’ ҳисобланган хабарларининг деярли барчасини сақлайди, таҳлил қилади ва уларга кириш имконига эга бўлиши мумкин”. Бу, даъвога кўра, Meta’нинг шифрлаш технологиясидан фойдаланиши ҳақидаги оммавий баёнотларига қарамай содир бўляпти.
Компания эса бундай шифрлашда хабарлар фақат юборувчи ва қабул қилувчига кўринади, деб ишонтириб келади. WhatsApp иловаси ҳам одатда (тўғридан тўғри) “уларни фақат шу чат иштирокчилари ўқиши, тинглаши ёки қайта юбориши мумкин” деган маълумотни кўрсатишини таъкидлайди.
Бироқ Австралия, Бразилия, Ҳиндистон, Мексика ва Жанубий Африка фуқаролари ҳам бор бўлган даъвогарлар бу баёнотлар ёлғон, дея маълум қилган. Улар Meta фойдаланувчилар хабарларининг мазмунини сақлайди ва компания ходимлари бу маълумотларга кириш имконига эга, деб ҳисоблайди.
Даъво аризасида айтилишича, бу маълумотларни ошкор қилишга шахси очиқланмаган айрим “фош этувчилар” (whistleblowers) ёрдам берган. Шу асосда даъвогарлар Meta ва унинг раҳбариятини бутун дунё бўйлаб WhatsApp’нинг миллиардлаб фойдаланувчиларига нисбатан фирибгарликда айбламоқда.
Meta’нинг расмий вакили Энди Стоун даъвони “жиддий эмас” деб атади ва компания “даъвогарлар адвокатларига нисбатан санкциялар жорий қилишини” билдирди.
“WhatsApp фойдаланувчиларининг хабарлари шифрланмаган, деган ҳар қандай даъво қатъий равишда ёлғон ва мутлақо бемаъни, — дейилади унинг Bloomberg’га берган изоҳида. — WhatsApp ўн йилдан бери Signal протоколи асосида шифрланади. Бу суд жараёни эса жиддий эмас — бадиий асардек нарса”.
Мавзуга оид
13:13
АҚШда ушлаб турилган ўзбекистонликлар элчихона орқали ёрдам сўради
09:01
Зеленский: АҚШнинг Украина учун хавфсизлик кафолатлари 100 фоизга тайёр
01:00 / 25.01.2026
АҚШда қор бўрони сабабли 10 мингдан ортиқ рейс бекор қилинди
21:54 / 24.01.2026