Жаҳон | 08:58 / 30.12.2025
1149
2 дақиқада ўқилади

РФ суди Telegram ва WhatsApp’ни чеклашга қарши даъвони рад этди

Таганский суди бир ҳафта ичида Telegram ва WhatsApp ишидаги чекловлар бўйича 105 нафар россияликнинг шикоятини кўриб чиқди. Суд даъвони рад этди. Судя Маргарита Кунингас фуқаролар “мессенжерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли эмас”, деган қарор чиқарди.

Фото: Getty Images

Таганский туман суди Россияда Telegram ва WhatsApp ишига қўйилган чекловларни ноқонуний деб топиш талаб қилинган даъво бўйича иш юритишни тугатди. Бу ҳақда Москва умумий юрисдикция судларининг расмий Telegram-каналида душанба куни, 29 декабрда хабар қилинди.

Қарорни судя Маргарита Кунингас чиқарди. Уни бу лавозимга Владимир Путин 2025 йил октябрда тайинлаган.

Кунингас ишни кўриб чиқишга бир ҳафтадан кам вақт сарфлаган. Даъво 24 декабрда иш юритишга қабул қилинган. Уни Роскомнадзор ва РФ Рақамли ривожланиш вазирлигига қарши 105 нафар россияликдан иборат гуруҳ, Калуга вилоятидан бўлган ёш фаол Константин Ларионов бошчилигида берган.

“Даъвогар Telegram ва WhatsApp ахборот ресурслари эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун даъво киритишга ваколатли эканини тасдиқловчи далилларни тақдим этмади”, — деб судя иш юритишни тугатиш қарорини асослаган.

Судда WhatsApp АҚШнинг Meta Platforms корпорациясига тегишли экани эслатилди, РФ ҳокимияти Meta’ни “экстремистик” деб топган ва тақиқлаган. Қарор устидан Москва шаҳар судига 13 кун ичида шикоят қилиниши мумкин.

Август ойидан буён Россияда WhatsApp ва Telegram иши фаол равишда блокланмоқда. Ўшандаёқ РФдаги аксарият фойдаланувчилар учун ушбу сервислар орқали қўнғироқлар амалга ошмай қолган.

28 ноябрда Роскомнадзор WhatsApp Россия қонунлари талабларини бажармаса, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилмаса, у тўлиқ блокланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

22 декабрдан бошлаб РФдаги фойдаланувчилар WhatsApp билан боғлиқ муаммолар кучайганидан шикоят қила бошлаган. РБК манбаси маълумотига кўра, Роскомнадзор унинг ишлаш тезлигини 70–80 фоизга секинлатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид