14:29 / 13.06.2019
7331

Ўзбекистонда илк битирувчилар жамғармаси ташкил этилди

Навоий давлат кончилик институтида битирувчилар жамғармаси ташкил этилди.  

Низомга мувофиқ, жамғарма маблағлари ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда жиҳозлар харид қилиш, талабаларнинг ўз устида ишлашлари ва билимларини мунтазам ривожлантиришга интилишларини моддий қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг турли мусобақаларда фаол иштирокини таъминлаш, кам таъминланган оилалар ва етим болалар тоифасига кирувчи ўқувчи ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга йўналтирилиши кўзда тутилган.

— Бугунги кунда олийгоҳда 300 дан ортиқ профессор ўқитувчилар 3000 дан зиёд талабаларга таълим бермоқда,- деди НКМК бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори Қувондиқ Санақулов. — Кончилик институтини  битирган мингдан ортиқ кадрларнинг 258 нафари бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилмоқда. Янги замонавий бинога эга бўлган  институтга яқинда 6 миллион АҚШ долларига замонавий лаборатория жиҳозлари сотиб олинди, 2 миллиард сўмлик компьютер жиҳозлари олинди. Педагогларни рағбатлантириш учун комбинат томонидан 11 миллиард сўм ажратилди. Ҳозирги кунда кутубхонамизда 20 минг номли электрон китоблар ҳамда 200 минг турдаги китоблар бор. Бугун тузилган жамғарма маблағларини китобларни кўпайтиришга сарфласак айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

Қ. Санақуловнинг таклифига биноан олийгоҳда битирувчилар кенгаши ҳам тузилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида уни битириб, юксак ютуқларга эришган номдор шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобига шакллантириладиган битирувчилар жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Top