Ўзбекистон | 21:00 / 16.06.2019
105636
7 дақиқада ўқилади

Абитуриент-2019: Қабул жараёнига оид саволларга жавоблар

15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Давлат тест маркази директори Мажид Каримов ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов иштирокида 2019/2020 ўқув йилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев телеграмдаги каналида бу йил ўқишга ҳужжат топшираётган абитуриентларни қизиқтирган саволларга жавобларни тақдим этди.

Қабул қуйидаги 3та жойда бўлади:
Давлат хизматлари маркази (ДХМ) орқали — 5та ОТМ (ТДЮУ, ҚДУ, ФарДУ, СамДУ, ГулДУ);
My.gov.uz орқали — юқоридаги 5та ОТМ;
ОТМларнинг ўзида — қолган ОТМлар учун.

Энди абитуриент ҳужжат топширмайди, балки оригинал ҳужжатларини кўрсатиб, рўйхатдан ўтади ва ўзи билан қайтариб олиб кетади;

Рўйхатдан ўтиш учун қуйидагилар керак:

  1. Паспорт (у йўқ бўлса, ёки 09-форма, ёки туғилганлик гувоҳномаси);
  2. Диплом ёки шаҳодатнома (иловаси билан);
  3. Мабодо имтиёзи бўлса, уни тасдиқловчи ҳужжат.

ОТМлар орқали рўйхатдан ўтганда ҳам худди шу ҳужжатлар талаб этилади, аввалги йиллардагидек расм, папка, 086-маълумотнома шарт эмас;

ДХМ ва портал орқали рўйхатдан ўтиладиган 5та ОТМнинг тартиби қуйдагича:

  • ушбу 5та ОТМ фақат биринчи ОТМ сифатида танланаётгандагина ДХМга (портал) бориш керак. Масалан, абитуриент 1-ФарДУ; 2-ТДТУ; 3-ФарПИ кетма-кетлигида топширмоқчи бўлса, ДХМларга боради;
  • агар ушбу 5та ОТМ 2 ёки 3-ОТМ сифатида танланаётган бўлса, унда ДХМларга эмас, балки ОТМларга бориш керак. Масалан: 1- ТДТУ; 2-ФарДУ; 3-ФарПИ.
  • бундан ташқари, абитуриентларга енгиллик бериш мақсадида, Юридик университетдан ташқари қолган 4та ОТМнинг ўзида ҳам ДХМдаги каби қабуллар бўлади. Яъни масалан, ГулДУни 1-ОТМ сифатида танламоқчи бўлганлар, хоҳласа ДХМга, хоҳласа ГулДУнинг ўзига бориши мумкин. Худди шу тартиб ФарДУ, СамДУ, ҚДУ учун ҳам амал қилади.

ОТМлардаги қабуллар тартиби қуйидагича:

  • исталган ОТМ орқали бошқа жойларга ҳужжат топшириш мумкин. Бунинг учун айнан ўша ОТМнинг ўзига бориш шарт эмас. Масалан, бухоролик абитуриент БухДУга бориб Тошкентдаги 3та ОТМга: 1) ТТА; 2) Педиатрия; 3) Фармацевтика кўринишида ҳужжат топшира олади.
  • Ёки сурхондарёлик абитуриент ТерДУга бориб 1) ҚарДУ 2) СамДУ 3) ЎзМУ кўринишида топшира олади. Фақат битта жойи - мабодо СамДУ 1-ОТМ бўлса, унда юқорида айтганимиздек ёки тумандаги ДХМга ёки СамДУнинг ўзига бориш керак;

«Ёдингизда бўлса, анча олдин магистратурага фақат турдош мутахассисликлар бўйича бакалавр дипломига эгалар ҳужжат топширишга оид чекловни бекор қилиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзгандим. Буни мутасаддилар ҳам тасдиқлади, жорий йилдан ушбу тартиб амал қилади.

Тўловлар миқдори қуйидагича:

  • жорий йилда битирганлар - текин;
  • ўтган йилларда битирганлар - 101 365 сўм.

Бошқа ҳеч қандай тўлов йўқ», дейилади постда.

Хушнуд Худайбердиев абитуриент тестни қаерда топшириши ҳақидаги саволга ҳам аниқлик киритган.

«Бу йил абитуриентлар республиканинг исталган ҳудудида ҳужжат топшириб, бошқа ҳудудда тест имтиҳонидан ўтиши мумкин. Фақат улар рўйхатга олинаётганида қаерда тест топширмоқчилигини кўрсатиши керак». Матбуот анжуманида мутасаддилар абитуриентлар тестни қайси ҳудудда топширишлари ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтаришган.

«Бундан хулоса шуки, масалан, қорақалпоғистонлик абитуриент Тошкентдаги 3та ОТМга ҳужжат топширди, дейлик. Лекин аризасида тестни Қорақалпоғистонда топшираман дея белгилади. Демак, у Тошкентга бориши шарт эмас, тестни Нукусда топширади. Қачонки ўқишга кирган тақдирдагина, кейин Тошкентга келади.

Тушунишим бўйича, тест топширадиган жойи айнан ОТМ жойлашган ёки ўзи яшайдиган ҳудуд бўлиши шарт эмас. Масалан, навоийлик абитуриент Бухородаги 3та ОТМни танлади. Лекин у тестлар ўтадиган вақтда оилавий сабабларга кўра, Навоийда эмас, Самарқандда бўлади дейлик. Бундай пайтда у ҳужжат топшираётганда аризасида тестни Самарқандда топширишни белгилайди.

Хулоса: навоийлик абитуриент Бухородаги ОТМларга ҳужжат топшириб, Самарқандда тестга кирса бўлади.

Умуман олганда бу жуда ажойиб тартиб. Кўплаб оворагарчилик ва ортиқча харажатларнинг олди олинади. Фақат биргина жиҳати, бундай тизимда қаттиққўллик ҳамма жойда бир хил бўлиши керак. Йўқса, катта-катта жиноий гуруҳлар атайин ўз «мижозлари»ни чеккароқ ҳудудларда тестга киритиб, ўйин қилишга уриниб кўришлари эҳтимолдан холи эмас.

Шунингдек, бу масалада яна бошқа бир тушунмовчилик ҳам бор ва кеча шу ҳақида ҳам савол бердим.

Яъни 07.06.2019 йили Вазирлар Маҳкамасининг 468-сонли қарори билан тасдиқланган регламентнинг 4-бандида қуйидагича қоида белгиланган:

«Абитуриентлар Марказга мурожаат этган ҳудудда (Ягона портал орқали мурожаат этганда доимий рўйхатда турган ҳудудида) ташкил этиладиган тест синовларида иштирок этишлари мумкин».

Регламентнинг ушбу банди ДТМ раҳбари айтган тизимга бироз тўғри келмайди. Боз устига Регламентнинг 2-иловаси билан тасдиқланган сўровномада ҳам тест топшириш ҳудудини танлаш деган савол мавжуд эмас.

Регламентдаги бу банд ҳақида эшитиб ДТМ директори ҳам, Олий ва ўрта махсус таълими вазири ҳам ҳайрон бўлди. Лекин шундай бўлса-да, Мажид Каримов ишонч билан айтдики, абитуриент ўзи истаган ҳудудда тест топшира олади, бунинг учун ҳужжат топширишда махсус танланадиган банд ҳам бўлади. Регламентга келсак, уни Давлат хизматлари агентлиги ишлаб чиққани сабабли, нима учун бу нарса инобатга олинмаганига бирор изоҳ бера олмаслигини айтди.

Майли, ҳужжатда қанақа ёзилганидан қатъи назар, амалда абитуриентлар учун ўзи истаган жойда тестга кириш ҳуқуқи кафолатланади. Исботи сифатида пастдаги суратга қаранг, Ягона портал орқали рўйхатдан ўтишда тест топширадиган ҳудудни белгилайдиган алоҳида банд мавжуд.

ЭСЛАТМА: тағин абитуриентлар «исталган жойда тест топширишим мумкин экан» деб, тест куни ўзи хоҳлаган жойга бориб ўтирмасин, ҳудуд олдиндан белгиланади. Рўйхатдан ўтаётганда тест топшириш жойини етти ўлчаб бир кесган ҳолда танлаш керак, чунки ҳудудни кейинчалик ўзгартириб бўлмайди. Масалан, ҳужжат топшираётганда Тошкентни танлаб, кейин тест куни Андижонга бориш бефойда», дея ёзади блогер.

Мавзуга оид