Жаҳон | 10:20 / 16.06.2019
43575
7 дақиқада ўқилади

Уммон кўрфазида танкерларга ким ҳужум қилди?

Фото: Reuters

13 июнь куни Уммон кўрфази ҳудудида Саудия Арабистонидан Сингапур ва Тайванга йўл олган икки танкерда портлашлар юз берди. 

АҚШ мудофаа вазирлиги ушбу портлашлардан кейин бу ҳужумда эронликларни айблаб видео тарқатди. Пентагоннинг тасдиқлашича, ҳужумдан 8 соат вақт ўтиб танкерлардан бирига яқинлашган эронликлар катеридаги ҳарбийлар ундан портламай қолган минани ечиб олган.

Шу куни бу ҳудудда ҳаракатланган иккита танкер - японларнинг ва норвегларнинг кемалари қутқарув сигналини йўллаган, америкалик ҳарбийлар ёрдамга етиб келганди.

АҚШ ҳарбийларининг сўзларига кўра, видеода Япониянинг «Кокука Карейжес» танкери бортига ўрнатилган минани кўриш мумкин.

Норвегиянинг «Фронт Альтаир» танкери экипажи ҳам кўрфаздаги ҳужум ҳақида маълум қилганди. 

Кемалар экипажи аъзолари («Кокука Карейжес»дан 21 киши, «Фронт Альтаир»дан 23 киши) эвакуация қилинди ва ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади.

АҚШ ушбу ҳужумларда Эронни айблади. Эрон бу айбловларни қатъиян рад этди.

Май ойида ҳам Форс кўрфазида, БААнинг ҳудудий сувларида турган бир неча нефть танкерларига ҳужумлар уюштирилганди. АҚШ бу ҳужумларда ҳам Эронни айблаган ва ҳудуддаги ҳарбийлари сонини кўпайтиришга киришганди. Аммо ҳозирга қадар Эроннинг ҳужумларга алоқадорлиги бўйича далиллар келтирилмаганди.

Портлашлар ҳақида нималар маълум?

Фото: AFP

АҚШ томони баёнотига кўра, америкаликларнинг ушбу ҳудуддаги ҳарбий кемаси норвегияликлар кемасидан маҳаллий вақт билан соат 6:12да, японлар танкеридан эса соат 7:00да сигнал қабул қилган.

Икки танкер ҳам бортда портлаш бўлгани ҳақида хабар берган. Америкалик ҳарбийлар зудлик билан воқеа жойига йўл олишган.

«Бейнбриж» воқеа ҳудудида эронликлар катерини пайқаганини маълум қилди, кейинроқ америкаликлар бу катердаги эронликлар «Кокука Карейжес» танкеридан портламай қолган миналарни ечиб олаётганини кўрсатувчи далил сифатида юқоридаги видеони намойиш этишди.

CNN агентлиги тарқатган хабарга кўра, эронликлар шу куни америкаликларнинг дронини уриб туширишга уринган. Хабарда айтилишича, «ер-ҳаво» типидаги ракета MQ-9 русумли дронига тегмасдан сувга қулаган, бу дрон эронликлар кемаси танкерларга яқинлашиб, миналар ечиб олинаётганини тасвирга олган.

«Кокука Карейжес»ни бошқарувчи BSM Ship Management компанияси маълумотига кўра, танкер Эрон қирғоқларидан 30 км масофада турган вақтда ёнғин бошланган ва эвакауация ишлари амалга оширилган. Бу кема Саудия Арабистонидан Сингапурга метанол олиб кетаётганди.

«Фронт Альтаир» эса БААдан Тайванга мазут ташиётган бўлган. Портлашдан кейин мазут денгизга тўкилган.

Реакция

Майк Помпео ҳужумларда Эронни айблади
Фото: GETTY IMAGES

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео танкерларга ҳужумларда Эронни айблади.

«Бу баҳо разведка маълумотларига асосланган бўлиб, аввалроқ эронликларнинг бу ҳудудда амалга оширган ҳужумлари ва бу сафарги ҳужумда қўлланган қуроллар ва услуб ўхшашдир. Минтақада бундай мураккаб амалиётни амалга ошириш учун керакли ресурсларга эга бўлган бошқа гуруҳлар йўқ», деди Помпео.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант Лондондагилар америкалик ҳамкасбларга ишонишини маълум қилди. Қироллик ҳарбий-денгиз флоти ҳудуддаги позицияларини кучайтириш мақсадида Форс кўрфазига 100 нафар махсус жангчини юбормоқда.

Эроннинг жавоби

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШ Яқин Шарқдаги барқарорликка жиддий таҳдид солаётганини таъкидлади. У бу ҳақдаги баёнотида Уммон кўрфазидаги воқеани тилга олмади.

Руҳоний барча томонларни 2015 йилда тузилган Эроннинг ядро дастури бўйича келишув шартларини бажаришга чақирди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф эса твиттерида АҚШ ҳеч қандай далилларсиз айблов илгари сураётганини айтди.

Эрон армияси эса Уммон кўрфазидаги воқеадан кейин ҳудудга қутқарув амалиёти учун вертолёт ва кема жўнатилганини маълум қилди.

Саудия тахти валиаҳди ҳам Эронни айблади

Муҳаммад ибн Салмон
Фото: Reuters

Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Asharq Al-Awsat нашри учун берган интервьюсида Эронни Уммон кўрфазидаги танкерларга ҳужум қилишда айблади ва халқаро ҳамжамиятни бу масалада «қатъий позиция» танлашга чақирди.

«Эрондаги режим Япония бош вазирининг Теҳронга ташрифига ҳурматсизлик кўрсатди, бош вазир Эрондалигида японлар танкерига ҳужум уюштирилди», дея Муҳаммад ибн Салмондан иқтибос келтирмоқда Рейтер агентлиги.

Валиаҳд шаҳзода «подшоҳлик минтақада уруш бўлишини истамаслигини, аммо ҳукумат ўз халқига ва суверенитетига нисбатан ҳар қандай таҳдидга жавоб қайтариши»ни айтиб ўтди.

Таҳлил. «Би-би-си»нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Франк Гарднер

АҚШ ҳарбийлари томонидан тарқатилган бу сафарги видео аввалги сабабларига нисбатан ишончли чиққан.

Катта бўлмаган оқ рангли катер - Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий-денгиз кучлари томонидан Форс кўрфазида фойдаланиладиган катерларга жуда ўхшаш.

Сўнгги йилларда Эроннинг Форс кўрфазидаги қирғоқлари ҳудудида (Кувайт билан чегарадан Покистон чегарасигача бўлган ҳудудларни) мамлакат ҳарбий-денгиз флоти ўрнини айнан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кучлари эгалламоқда.

Бу тузилма тезкор катерлардан иборат флотилияга эга. Бу катерлар миналар, ракеталар, торпедолар ва дронлар билан жиҳозланган. 

Корпус кучлари доимий равишда махфий амалиётлар ўтказиб, ҳужумлар уюштиради.

Уларнинг Форс кўрфазидаги катерлари АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига бир неча бор яқин келган ва америкаликлар тўқнашув хавфидан огоҳлантирган.

Эрон ўзининг бу ҳужумларга алоқадорлигини рад этмоқда ва бу ҳужумлар Эрон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги муносабатларга путур етказишни истайдиган номаълум кучлар томонидан уюштирилганини таъкидламоқда.

Ҳужумга учраган «Кокука Карейжес» ва «Фронт Альтаир» танкерлари
FREDERICK A TERRY/ARTJOM LOFITSKI

Мавзуга оид