Миришкор тумани ғаллакорлари мўл хирмон уйди
Миришкор тумани ғаллакорлари 16 июнь куни белгиланган 50478 тонналик улкан режа-топшириқни 16 иш кунида шараф билан ошириб бажаришди. Мавсум муваффақиятини таъминлашда 38та «Кейс», 39та «Класс» ҳамда 14та «Вектор» русумли ўрим комбайнлари операторлари ўзига хос ибрат кўрсатишди. Айниқса меҳнат муваффақиятини таъминлашда аниқ вазифаларга таяниб иш тутган «Кўҳна Фазли», Махтумқули номли, «Авазчўл», «Янгиобод» Автономов номли, Р. Ғойибов номли, «Помуқ», «Чандир», Амир Темур номли, «Тошкент», «Миришкор», С. Муродов номли, «Жейнов», «Олтин бошоқ», «Дўстлик» массивларидаги фермер хўжаликлари юксак натижаларни қайд этишди. Эътиборли жиҳати, бу йилги ўрим-йиғим мавсумида табиий ёғингарчиликни енгиб мардонавор меҳнат қилган, тажриба ва маҳоратга таяниб иш юритган юздан зиёд илғор фермер хўжаликлари жамоалари гектарлар ҳосилдорлигини 65-70 центнерга етказиб, барчага ўрнак бўлди.
Миришкор - нафақат Қашқадарё вилояти, балки республикада ҳам иқтисодий салоҳиятга эга бўлган туманлардан саналади. Ўзига хос деҳқончилик маданиятига эга бўлган туман иқтисодиётида ғаллачилик етакчи тармоққа айлангани эътиборга молик. Пешқадам деҳқонлар давлатга яна қўшимча 20 минг тонна қирмизи дон етказиб бериб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллик тўйига муносиб тўёна туҳфа этишмоқчи.
Ҳосил унуми ошиши аввало ғалла парваришида илғор технологияларни амалиётга қўллаб, мўл ҳосил етиштирилиши баробарида қисқа фурсатда туманда давлатга дон сотиш бўйича ишлаб чиқилган тадбир, режада кўзда тутилган донни қайта ишлаш корхонасига етказиб берилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.