Жаҳон | 18:10 / 21.06.2019
8920
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ АҚШ ва Эрон орасидаги вазиятга аралашмасликни маъқул кўрмоқда

Фото: REUTERS

Европа кенгаши раҳбари Дональд Туск АҚШ ва Эрон орасидаги вазиятга “аралашмаган маъқул” деб ҳисоблайди. У бу ҳақда ЕИ саммитининг якуний матбуот анжуманида айтди.

"Баъзида вазиятга аралашмаган маъқуллигига ишончим комил. Тарихдаги аксарият катта муаммолар ўта сусткаш эмас, ўта фаол сиёсатчилар туфайли келиб чиққан", - деди Туск ЕИ нима учун АҚШнинг Эронга таҳдидини муҳокама қилмагани тўғрисидаги саволга жавобан.

"Албатта, биз вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз ва Уммон кўрфазидаги вазиятдан жуда ташвишдамиз, ҳозирда бу муаммо бўйича ЕИнинг махсус баёнотларидан маъно йўқ", - деб қўшиб қўйди Туск.

20 июнь куни Эрон ислом инқилоби корпуси соқчилари АҚШга тегишли разведка дронини уриб туширганини маълум қилганди. Кейинроқ АҚШ бу маълумотни тасдиқлади. Эрон томони уриб туширилган дроннинг модели RQ-4 Global Hawk эканини аниқлади.

Эрон АҚШга тегишли бўлган бу разведка дрони мамлакатнинг Ҳўрмузгоҳ вилояти ҳаво сарҳадларини бузиб ўтгани боис уриб туширилганини маълум қилди. АҚШ томони эса дрон халқаро ҳаво ҳудудида бўлганини айтмоқда.

Ушбу воқеадан сўнг Дональд Трамп «Эрон жуда катта хато қилди», деб ёзди твиттердаги саҳифасида, аммо кейинроқ бунинг атайлаб қилинганига ишонмаслигини айтиб, кимдир нотўғри қарори билан бу хатога йўл қўйганини тахмин қилди.

Мавзуга оид