Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ва Уммон Ҳўрмузда кемалардан тўлов ундириш бўйича музокаралар олиб бормоқда
Ушбу музокаралар АҚШ ва Эрон – глобал иқтисодиётга жиддий зарар етказган урушни тугатиш бўйича келишувга эришишдан ҳали йироқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Фото: AP
Эрон Форс кўрфазидаги қўшниси – Уммон давлати билан Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемалардан ҳақ ундириш тизимида ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилди. New York Times'нинг ёзишича, АҚШнинг иттифоқчиси бўлган Уммон – Трамп маъмуриятининг ушбу муҳим халқаро сув йўлидан ўтиш учун тўлов талаб қилмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларига эътибор бермаяпти.
Музокаралардан бирон бир аниқ натижа чиқиши ҳозирча номаълум. Бироқ, бу мулоқотлар АҚШ ва Эрон глобал иқтисодиётга катта зарар етказган урушни тугатишга мутлақо яқинлашмаганидан сигнал бермоқда. Камида оммавий равишда, ҳеч бир томон муросага келиш истагини кўрсатгани йўқ.
Бўғознинг ёпилиши
Жорий йил февраль ойи охирида Америка ва Исроил кучларининг ҳужумига учраганидан сўнг, Эрон бўғоздаги тижорий қатновни деярли тўхтатиб қўйди. Бу эса халқаро юк ташишни фалаж қилди ва энергия нархларини ошириб юборди. Глобал иқтисодиётга таъсир ўтказиш дастасини қўлга киритгач, Эрон расмийлари ушбу сув йўлини назорат остида ушлаб туриш ва ундан даромад олиш учун фойдаланиш йўлларини муҳокама қила бошлади.
20 май куни Уммон билан музокаралар давом этаётган бир вақтда, Эроннинг янги ташкил этилган Форс кўрфази бўғозлари бошқармаси эълон жойлади. Унда «Ҳўрмуз бўғозини бошқариш ва назорат қилиш ҳудуди чегараларини белгилаб олгани» ва у ердан ўтиш учун ушбу бошқарма рухсатномаси талаб қилинишини маълум қилинганди.
Шунингдек, Эрон давлат ОАВлари Теҳрон белгиланган йўналиш бўйича денгиз қатновини назорат қилиш ва «ихтисослаштирилган хизматлар» учун ҳақ ундиришнинг янги механизмини яратганини хабар қилди.
Эрон нега айнан Уммонни танлади?
Уммон кўрфази Ҳўрмуз бўғозига туташган бўлиб, шарқдан унга етиб келишдан олдин ушбу кўрфазни кесиб ўтиш керак бўлади.
Сув йўлини бошқариш бўйича музокаралардан хабардор икки манбанинг NYTга айтишича, Эрон шунчаки транзит учун ҳақ оладиган бож тизимини режалаштирмаяпти. Бунинг ўрнига, Уммон билан ўтказилган музокараларда – кемалардан кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундириш таклифи кўриб чиқилган.
Музокаралардан хабардор эронлик икки расмийнинг сўзларига кўра, Уммон дастлаб Эрон билан бўғоз бўйича қўшма ҳамкорликни рад этган эди. Аммо ҳозирда даромадларни тақсимлаш масаласини муҳокама қилмоқда. Уммон тўлов тизимининг потенциал иқтисодий фойдасини англаб етгач, ушбу режани илгари суриш учун Кўрфаздаги қўшнилари – Баҳрайн, Қувайт, Қатар, Саудия ва БАА, шунингдек, АҚШ билан муносабатларидан фойдаланишга тайёрлигини билдирган.
«Бож эмас, хизмат ҳақи»
Эрон расмийлари бу тўловларга хизмат кўрсатиш ҳақи, транзит божи ёки экологик йиғимлар ва бошқаларни киритилиши мумкинлигини айтди.
Икки давлат таклиф этаётган тизим шунчаки транзит божлари эмас, балки хизмат ҳақини ўз ичига олишини алоҳида таъкидлаётгандек кўринади. Бу эса ҳуқуқий жиҳатдан муҳим фарқдир. Сув йўлидан ўтгани учун кемалардан шунчаки бож ундирадиган тизим халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланади. Бироқ кемаларга амалда кўрсатилган хизматлар (масалан, портда чиқиндиларни утилизация қилиш) учун ҳақ ундиришга муайян шароитларда рухсат берилади.
Шунга қарамай, агар ушбу хизмат ҳақи тизими шунчаки бошқа ном билан аталган бож бўлиб чиқса, у қонуний деб ҳисобланмайди.
Ҳуқуқий асос борми?
БМТнинг 1982 йилги Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенцияси хавфсизлик ва ифлосланишни назорат қилиш қоидалари, тартибларга риоя қилган тақдирда кемаларнинг халқаро бўғозлардан тўсиқсиз ўтиш ҳуқуқини белгилаб берган. Эрон ушбу конвенцияга аъзо эмас ва техник жиҳатдан унга боғланиб қолмаганини айтган. Уммон эса уни имзолаган.
АҚШ Ҳарбий-денгиз коллежининг халқаро денгиз ҳуқуқи профессори Жеймс Красканинг сўзларига кўра, конвенциядаги қоидалар ва тамойиллар халқаро одат ҳуқуқини акс эттиради. Бу эса уни имзолаган-имзоламаганидан қатъи назар, барча давлатлар учун мажбурий қилади.
Таҳлилчига кўра, бўғозлар учун ўтиш эвазига тўлов ундиришни тақиқловчи навигация тартиби «деярли бутун дунёда қабул қилинган». Эрон эса ўн йиллар давомида бунга рози бўлиб келган.
Шу билан бирга, «айрим вазиятларда оқилона хизмат ҳақлари ундирилишига рухсат берилади». Бироқ, Эрон талаб қилаётган тўловларнинг ҳақиқатан ҳам оқилона эканлигини ва у кўрсатадиган хизматларга мос келишини исботлаши керак бўлади.
АҚШ бунга рози бўлмаган
Президент Доналд Трамп сўнгги ойларда бир неча бор Эрон томонидан ҳар қандай божлар ундирилиши эҳтимолини қоралаганди. Трамп ҳатто АҚШни урушнинг ғолиб томони сифатида ушбу тўловларни ўзи ундириши мумкинлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди. Шунингдек, у ушбу даромадлар тақсимланиши мумкинлигига ҳам шама қилган.
21 май куни Трамп яна бўғоздан ўтиш учун ҳар қандай тўлов ундирилиши ғоясини рад этди. «Биз унинг бепул бўлишини хоҳлаймиз. Биз ҳеч қандай бож хоҳламаймиз. Бу халқаро ҳудуд, халқаро сув йўлидир», деди у Овал кабинетда гапираркан.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам Ҳўрмузда бож жорий қилинишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. «Бу қабул қилиб бўлмас ҳолат. Агар улар буни давом эттирадиган бўлишса, бу дипломатик келишувга эришишни имконсиз қилиб қўяди».
АҚШ ва Эрон апрель ойида вақтинчалик оташкесимга эришганди, аммо ҳозирча бу келишув мўрт. Эрон ўзининг ричагларидан бири ўлароқ – дунёда денгиз орқали ташиладиган нефть ва табиий газнинг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмузни тўсишда давом этмоқда.