07:15 / 22.06.2019
5846

Huawei АҚШ савдо вазирлигини судга берди

Фото: Fred Dufour/AFP via Getty Images

Хитойнинг Huawei компанияси мусодара қилинган телекоммуникацион қурилмасини қайтаришни талаб қилиб АҚШ савдо вазирлигини судга берди. Бу ҳақда Блумберг агентлиги хабар берди.

Икки йилдирки, америкалик амалдорлар 2017 йил июлда Калифорния штатидаги лабораторияга синов учун жўнатилган, аммо кейин Хитойга жўнатилаётганда Аляскада мусодара қилинган қурилмани олиб чиқиб кетишга лицензия бериш-бермаслик борасида бир қарорга кела олишмаяпти.

Huawei таъкидлашича, компания Америка томонига жўнатилаётган вақтда АҚШдан олиб чиқиб кетиш учун алоҳида лицензия талаб қилинмайдиган бу маҳсулот тўғрисидаги барча маълумотни тақдим этган. Бироқ савдо вазирлиги 20 ойдан буён қарор қабул қилмаяпти.

Шу муносабат билан Huawei суддан АҚШ маъмурияти “ноқонуний равишда бетараф тургани ёки идоранинг ҳаракатларини асоссиз ортга суриб келаётгани”ни эътироф этишни сўрамоқда.

16 май куни АҚШ савдо вазирлиги Хитойнинг Huawei компанияси ва унинг 70та филиалини қора рўйхатга киритди. Кейинроқ Google, Intel, Qualcomm, Xilinx ва Broadcom компаниялари Хитой компанияси билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Британиянинг ARM корпорацияси ҳам улар сафига қўшилди.

Top