Жаҳон | 17:35 / 25.06.2019
8908
2 дақиқада ўқилади

Арманистонда мамлакат собиқ президенти Роберт Кочарян ҳибсга олинди

Фото: Sputnik / Арам Нерсесян

Арманистон апелляция суди мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочарянни яна ҳибсга олишга ҳукм чиқарди, деб хабар берди РИА Новости.

"Апелляция суди Кочарянга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш тўғрисидаги биринчи инстанция суди қарорини бекор қилди ва унга нисбатан ҳибсга олиш чорасини қўллашга қарор қилди", - деди судья Армен Даниелян.

Унинг сўзларига кўра, Кочарянни озодликка чиқариш учун берилган гаров пули қайтарилади.

Арманистонда 2018 йил 19 февралдаги президент сайловларидан кейин бир қатор норозиликлар ўтиб, уларнинг иштирокчилари Серж Саргсян ютган сайловларнинг расмий натижаларидан норозилик билдиришган. Норозиликлар республиканинг биринчи президенти, ўшанда президент лавозимига даъвогарлик қилган Левон Тер-Петросян томонидан ташкиллаштирилган. Намойишчиларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан тўқнашувлари давомида 8 намойишчи ва 2 полициячи ҳалок бўлган, полициянинг 33 ходими шифохонага ётқизилган. Ўшанда шифокорларга умумий ҳисобда 230 га яқин одам мурожаат қилган.

2018 йил 8 майда Арманистонда ҳокимият ўзгаргач, ўша воқеалар тергови қайта бошланган. Бу иш доирасида Кочарян ҳибсга олинган. Бир ой ўтгач, у қамоқдан озод этилган, чунки апелляция суди Кочаряннинг собиқ давлат раҳбари сифатида иммунитетига эга эканлигини кўрсатган. Бироқ 2018 йилнинг декабрида у яна қўлга олинган. Апрель ойи охирида Арманистон Бош прокуратураси Кочарян иши бўйича айблов хулосасини тасдиқлаган; 13 май куни иш суд томонидан кўриб чиқила бошланганди.

У май ойи ўрталарида Тоғли-Қорабоғ республикасининг амалдаги раҳбари Бақо Саакян ва собиқ раҳбари Аркадий Гукасяннинг гарови сабаб озод қилинганди. Улар Арманистоннинг собиқ президенти озодликка чиқиши учун бир миллион драм (икки минг доллардан кўпроқ) гаров пули берганди.

Мавзуга оид