Ўзбекистон | 17:00 / 27.06.2019
60605
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги Гулнора Каримова томонидан давлатга 1,2 млрд доллар ўтказилганини тасдиқламади

Ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримова томонидан давлат фойдасига 1,2 млрд. АҚШ доллари ўтказилди, деган хабар тарқалди.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, давлат бюджетига ундирилган маблағларнинг фуқаролар кесимидаги ҳисоби вазирлик томонидан юритилмайди. 

«Бунда ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи ярмида кўрсатилган миқдорда маблағлар бюджетга келиб тушмади.

Хусусан, ўтган йили давомида давлат даромадига ўтказилган мол-мулк (валюта маблағлари ва заргарлик буюмларини қўшган ҳолда) сотишдан тушумлар 163 млрд. сўмни ёки 20,2 млн. АҚШ долларини (ўртача йиллик курс бўйича) ташкил қилди», — дейилади расмий ахборотда.  

Таъкидланишича, жорий йил биринчи ярмида эса давлат ихтиёрига ўтказилган мол-мулкни сотишдан 99,4 млрд. сўм ёки 11,8 млн. АҚШ доллари (ўртача курс бўйича) келиб тушган.

23 июнь куни Гулнора Каримованинг қизи, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг невараси Имон Каримова ўзининг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида онаси томонидан йўлланган мурожаатни эълон қилгач, бу мавзу ижтимоий тармоқларда яна кун тартибига чиқди.

«Прокуратура шу пайтгача давлат томонидан экспроприация (мол-мулкларнинг мажбурий тарзда давлат ихтиёрига ўтказилиши —таҳр.) қилинган воситаларнинг миқдорини аниқ санай олмаслигини билдираётган бўлса-да, мен протокол учун эълон қилишим керакки, шу пайтгача Ўзбекистон ҳудудидаги фақатгина менга тегишли бўлган, 1,2 миллиард доллар миқдоридаги активлар менинг эгалигимдан чиқиб, айни пайтда республика бюджети учун ишлаётгани бир неча маҳаллий суриштирувлар билан тасдиқланган», — дейилганди Гулнора Каримованинг мурожаатида.

Мавзуга оид