16:27 / 27.06.2019
4851

Қонунчилик палатаси депутатлари Мудофаа вазирлиги дала-ўқув майдонида бўлди

Бугун, 26 июнь куни Тошкент ҳарбий округига қарашли “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Мудофаа доктринаси ижросининг таъминланиши ҳамда вазирлик фаолиятида мақсадли вазифаларни амалга ошириш ҳолатига бағишланган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш Ўзбекистон Президенти томонидан Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни янада ривожлантиришга доир берилган топшириқлар ижроси муҳокамаси билан бошланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбирда сўзга чиққан мудофаа вазирининг Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини ўз вақтида ва самарали ижро этиш бўйича ўтган олти ой давомида Мудофаа вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати бўйича ҳисобот берар экан, мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 27 февралдаги “2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларни баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги фармойиши ижросига ҳам тўхталди.  

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш йўналишида айрим камчиликлар мавжудлиги танқид остига олинди. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун барпо қилинаётган кўп хонадонли уйларни қураётган ташкилотларнинг фаолиятини назоратга олиш ишларини кучайтириш, вилоятлар марказларидаги “Ҳарбий- ватанпарварлик боғлари”ни қуриш ишларини жадаллаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш бўйича депутатларнинг таклифлари тингланди. Шу билан бирга ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шу куни депутатлар дала-ўқув майдонида ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитлари, ўқув жараёнлари ва жанговар тайёргарлик машғулотлари ҳамда замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан ҳам яқиндан танишдилар.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Йиғилиш якунида айтилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда тегишли қарор қабул қилинди.

Top