Жамият | 09:29 / 01.07.2019
8024
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида яна бир ОТМ филиали ташкил этилиши мумкин

Фото: Fotolia / WavebreakmediaMicro

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Андижон вилояти Марҳамат туманида олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Билдирилишича, Андижон вилояти аҳолиси қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда тажрибали. Ҳозирда ишбилармонлик борасида илгари сурилаётган янги ғоя ва инновациялар натижасида вилоятда тадбиркорликнинг янги турлари ва йўналишлари яратилиб, ижобий тадбиркорлик имиджи шаклланиб бормоқда. 

“Ушбу жараёнда юзага келаётган долзарб масалалардан бири – бу малакали кадрларни тайёрлашдир. Ҳозирги вақтда вилоятда қишлоқ хўжалиги ва техника каби соҳаларда етук кадрларга бўлган эҳтиёж юқори. Шу сабабли, вилоятнинг Марҳамат туманида олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, - дейилади мурожаатда.

Қайд этилишича, Марҳамат туманида олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш учун талаб этиладиган зарур инфраструктура ва имкониятлар мавжуд. Тумандаги Қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ва Агросаноат касб-ҳунар коллежи базасида ирригация ва сув хўжалигини механизациялаш, зооинженерия (чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик) соҳаларида мутахассислар тайёрловчи олий таълим муассасасининг филиалини очиш вилоят учун фойдали бўлиши айтилади. 

Бунинг учун: биринчидан, тайёр моддий-техник база мавжуд. Агар икки коллеж бирлаштирилса, талаб даражасидаги аудиториялар ва тажриба майдонлари етарли бўлади; иккинчидан эса, олий таълим муассасаси филиалининг очилиши ҳудуднинг инфраструктурасини ривожланишига, янги илмий марказларнинг очилишига туртки бўлади.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Андижон вилояти Марҳамат туманида Тошкент давлат аграр университети ёки Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг филиалини ташкил этишни таклиф қиламиз”, - дея якунланган петиция.

Мавзуга оид