Жамият | 22:30 / 01.07.2019
22676
5 дақиқада ўқилади

Видеорегистраторларда қайд этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар рағбатлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 19 майдаги 377-сонли қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 747-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорини чиқарди.

Ушбу қарорга асосан 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш ишлари синов тариқасида ишга туширилди.

2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний ва юридик шахслар видеорегистраторлар орқали йўл ҳаракати иштирокчилари (йўловчи ва пиёдалар бундан мустасно) томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини қайд этиши ҳамда уч иш куни ичида марказлаштирилган тизим (http://dyhxx.ejarima.uz) орқали ички ишлар органларига кўриб чиқиш учун юбориши мумкин.

Видеорегистратор орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:

содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати;

транспорт воситасининг русуми ва давлат рақами белгиси;

ҳуқуқбузарлик содир этилган сана ва вақт.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.

Ўзгартириш киритилган видеоёзувлар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 секунддан ошмаслиги лозим).

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган видеоёзувларни марказлаштирилган тизимга юборишда қуйидагилар тўлиқ кўрсатилиши лозим:

Фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили, юридик шахснинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), банк ҳисоб рақами (видеоёзув юридик шахс вакили номидан тўлдирилганда);

уяли телефон рақами ёки банк пластик картаси рақами ва электрон манзили;

ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт.

Марказлаштирилган тизимга келиб тушган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган видеоёзувлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маъмурий амалиёт инспектори томонидан уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

Қуйидаги ҳолларда видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувлар асосида маъмурий иш юритилмайди:

видеоёзувлар сифатсиз бўлганда;

видеоёзувлар марказлаштирилган тизимга белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда юкланганда;

видеоёзувларга ўзгартиришлар киритилган бўлса;

видеоёзувда қайд этилган ҳуқуқбузарлик бўйича қарор қабул қилинган ёки маъмурий иш юритилаётган тақдирда.

Видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан уни юборган шахсга ўн беш кун муддат ичида электрон тарзда жавоб юборилади.

Ҳуқуқбузарлик бўйича суд томонидан маъмурий жарима билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чораси қўлланган ҳолларда видеоёзувни юборган шахс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 январдаги «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 15-сон қарорига мувофиқ рағбатлантирилиши мумкин.

Рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига, юридик шахснинг эса банк ҳисоб рақамига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Шунинг билан биргаликда, http://dyhxx.ejarima.uz сайти биринчи марта ишга туширилаётганлиги, синовдан ўтган аналоглари йўқлиги сабабли, синов даврида тизимда айрим техник камчилик ва хатоликлар келиб чиқиши ҳамда қисқа муддатли тўхталишлар бўлиши мумкинлигин маълум қиламиз. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Мавзуга оид