Ўзбекистон | 14:05 / 02.07.2019
19054
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида янада пастлади

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг 2 июль куни Henley & Partners компанияси турли мамлакатлар фуқаролари учун ҳаракатланиш эркинлиги даражасини кўрсатадиган паспортлар рейтингини янгилади.

Ўзбекистон аввалги янгиланиш билан солиштирганда етти позицияни йўқотди ва ҳозир 88-ўринни эгаллаб турибди. Республика фуқаролари визасиз 56 мамлакатга ташриф буюриши мумкин. Яна бир давлатда ҳам худди шундай кўрсаткич - Кот-д'Ивуар.

Япония ва Сингапур ҳамон биринчи ўринни бўлишиб турибди. Ушбу давлатлар фуқаролари 189 мамлакатга визасиз бориши ёки келганидан кейин виза олиши мумкин. Уч ой муқаддам биринчи ўринда бўлган Жанубий Корея энди Германия ва Финляндия билан бирга иккинчи ўриндан жой олган (187 мамлакат). Учинчи ўриндан уч давлат ўрин олди - Дания, Италия ва Люксембург (186 мамлакат).

МДҲ давлатлари орасида Украина энг яхши кўрсаткичга эга (44-ўрин, 126 мамлакат), ундан кейин Молдова (49-ўрин, 119та мамлакат) ва Россия (51-ўрин, 116 мамлакат) бормоқда. Марказий Осиёда Қозоғистон энг яхши кўрсаткични қайд этди (69-ўрин, 75 мамлакат).

Афғонистон ва Ироқ визасиз мос равишда 25 ҳамда 27 мамлакат кўрсаткичи билан сўнгги поғоналарда қолмоқда.

Муқаддам Виза чекловлари индекси сифатида машҳур бўлган Паспортлар индекси Henley & Partners компанияси томонидан Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) билан ҳамкорликда 2006 йилдан бери эълон қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид