Light | 18:56 / 03.07.2019
51274
4 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг баланд дарахтлар. Чинор нечанчи ўринда?

Дарахтлар табиатнинг ажралмас бўлаги, заминнинг нафас тизимидир. Ўртача бир дарахт ўртача бир оиланинг кислородга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Демак битта дарахтни қулатиш бир оилани тоза ҳаводан маҳрум қилмоқ демакдир.

Бугун эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз дунёнинг энг йирик дарахтлари қатъий ҳисобда туради ва қаттиқ қўриқланади. Сабаби, инсоннинг “қудратли” қўллари табиатнинг бу мўъжизаларига ҳам чанг солиш эҳтимоли жуда юқори.

 

Австралия эвкалипти. 150 метрли афсона

Ҳали аниқ ўлчовлар кўпчиликни қизиқтирмаган ўн тўққизинчи асрда тасдиқланмаган рекорд қайд этилган. 1872 йилда ўз юрти бўйлаб саёҳатга чиққан австралиялик 150 метрдан ошган эвкалипт дарахтини учратганлигини ёзиб қолдирган. Аммо бу фактни аниқ ўлчовлар билан исботлаб, расман эълон қилмаган. Кейинчалик йиллар ўтиб, йигирманчи асрда бу қадар баланд дарахтни излаш бесамар кетган. Бироқ Австралиянинг Квинсленд ҳудудидаги Бау-Бау тоғида Шоҳ Эвкалипти аниқланган ва унинг баландлиги 99,4 метр эканлигини расман тасдиқланган.

Австралияга қарашли орол бўлган Тасмания ҳудудида иккинчи баланд дарахт – Центурион номини олган бўлиб, у Стикс дарёси водийсида ўсади ва баландлиги 98,1 метрга тенг.

Аммо ҳар қанча баланд бўлмасин бу дарахтлар кучли ўнликка кира олишмаган. Кучли ўнлик бир ҳудудда тарқалган бир тур ўртасида шаклланган.

АҚШ учун Секвойя дарахтлари миллий рамз, асрий ғурурлардан бири ҳисобланади. Чероке ҳиндуларининг етакчиси Секвойе шарафига номланган бу дарахтлар шу қадар эъзозланадики, улар ёнига келган сайёҳлар қатъий назоратда туришади.

Демак бошладик*:

10. Мендосино номини олган бу дарахт Калифорниянинг Монтгомери Вудс ҳудудида ўсади.  Баландлиги 112,20 метр, диаметри – 4,19 метр.

9. Парадокс номли секвойя Рокфеллер-Форестда ўсади. Баландлиги  – 112,56 метр, диаметри – 3,90 метр.

8. Навбатдаги секвойя номи Рокфеллер, у Гумбольдт округида ўсади. Баландлиги  – 112,60 метр.

7. Лауралин номли улкан дарахт ҳам Гумбольдт округида. Баландлиги  – 112,62 метр, диаметри – 4,54 метр.

6. Олтинчи ўриндаги секвойянинг номи Орион. Сан-Матео округидаги Редвуд миллий боғидаги бу дарахтнинг баландлиги  – 112, 63 метр, диаметри – 4,33 метр.

5. Кучли бешликнинг қуйи ўрнини Миллий географик жамият (NGS) номини олган, Редвуд-Крик дарёси бўйидаги секвойя эгаллаган. Унинг баландлиги  – 112,71 метр, диаметри – 4,39 метр.

4. Стратосфера гиганти номли секвойя 113,11 метр баландликка эга.

3. Кучли учликни Икар номли дарахт бошлаб беради. Баландлиги  – 113,14 метр, айланаси – 3,78 метр. Бу номни у қуёшга интилгани учун олган.

2. Иккинчи ўринни эгаллаган Гелиос номли дарахт ҳам Редвуд-Крик дарёси бўйида кўкка бўй чўзган. Баландлиги  114,58 метр бўлган бу улкан дарахт 2006 йилда ҳам энг биринчи эди. Лекин тахтни бўшатишга мажбур бўлди.

1. 2006 йилнинг 25 августида Гелиосдан етакчиликни тортиб олган секвойя номи Гиперион. У дарёнинг нариги томонида ўсади. Унинг баландлиги – 115,61 метр, диаметри – 4.84 метр.

Ўзбекистон ҳудудида ҳам баланд дарахтлар, хусусан, диаметри жуда улкан, бўйлари баланд чинорлар учрайди. Аммо уларнинг аниқ тасдиқланган, баландлиги ёки диаметри бўйича таснифланган рўйхатини кўрмадик. Демак бу ҳам табиатшуносларимизга тадқиқот учун яхши мавзу, юртимизга келаётган сайёҳлар учун қизиқарли томоша манбаи бўлиши мумкин.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

* дарахтлар мунтазам ўсиб тургани учун рейтингда ҳам ўзгаришлар эҳтимолдан холи эмас.

Мавзуга оид