Жамият | 11:07 / 04.07.2019
69016
6 дақиқада ўқилади

Аттракцион фожиалари: воқеалар тафсилоти аслида қандай?

Жиззахдаги истироҳат боғи аттракционида носозлик оқибатида ҳалок бўлган қиз фожиаси ўтган ҳафтанинг энг аянчли ҳодисаси бўлди. Аввал Навоийда ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлганди. Гап инсон ҳаёти ва унинг хавфсизлиги ҳақида кетар экан, бу борада жиддий чора кўрилиши шарт. Бу каби фожиаларнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар қилиняпти? Шу ва бошқа саволларга Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси в.б. Бахтиёр Ғуломов жавоб берди.

«Истироҳат боғлари билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган» 

Шу пайтгача аттракционлардаги хавфсизлик устидан давлат назорати ўрнатилмаган эди. Истироҳат боғи фаолияти билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Фақатгина 2010 йилда қабул қилинган битта ҳужжат —  «Боғлар ҳамда маданият ва истироҳат боғлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги  буйруқ амалда эди. Соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси кучсиз бўлгани учун қатор муаммолар келиб чиққан. Шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси олдин инспекция кўринишида тор доирада, ваколатлари чекланган шаклда фаолият олиб борган. 2018 йил 12 декабрда қабул қилинган «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент фармони билан собиқ «Саноатгеоконтехназорат»  давлат инспекцияси негизида Давлат қўмитаси ташкил этилди ҳамда фаолият кўлами кенгайди. Қўмита таркибида 10 та инспекция ташкил топди. Улардан бири истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш инспекцияси бўлиб, истироҳат ва маданият боғлари дам олувчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аттракционлар фаолиятини назорат қилади.

«Шу кунгача аттракционларнинг сертификати бўлмаган» 

Сертификатлаш тизимининг 2 хил: мажбурий ва ихтиёрий турлари бор. Аттракционлар мажбурий сертификация эмас, балки ихтиёрий сертификациядан ўтишга рухсат берилган. Натижада, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш юзасидан қатъий талаб қўйилмаган. Муаммонинг ечими сифатида «Боғ аттракционлари ва ўйин қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича регламент»ни ишлаб чиқдик. Уни «Ўзстандарт»  агентлиги экспертизасидан ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилди. Агар регламент кучга кирса, аттракционлар мажбурий сертификатланади. Бундан қанақа имкониятларга эга бўламиз? Сертификатлаштириш тизими йўлга қўйилгандан сўнг давлат назоратини йўлга қўйиш имконияти бўлади. Бу бўйича 2 ой олдин 13 нафар мутахассис ўқитилди, 27 июнь куни аттестациядан ўтди ва уларга давлат инспектори гувоҳномаси берилди. Бу мутахассислар республикадаги барча истироҳат ва маданият боғларини давлат рўйхатига олишда иштирок этишади.

«Техпаспорти бўлмаган аттракцион эгаларига қатъий чора кўрилади» 

Инспекторлар томонидан давлат рўйхатига олишнинг биринчи қисми аттракционнинг техник паспорти бор-йўқлигини текшириш бўлади. Агар бу ҳужжат бўлмаса, ёки йўқолган бўлса, аттракцион фаолияти тўхтатилади. Аттракцион эгасига техник паспортни тиклаш ёки янгидан олиш учун муддат берилади. Паспортни тезроқ олса, фаолиятини тезроқ давом эттириш имкони бўлади. 30 июн куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва «Ўзэнергоназорат»  инспекцияси ваколатли мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ (ҳар бир вилоятда) тузиб, истироҳат боғлари аттракционлари устидан давлат назоратини амалга ошириш юзасидан сўровнома киритилди.

«Аттракцион операторлари ўқитилади» 

Эндиликда «Контехназоратўқув»  ДУК томонидан аттракционларни бошқарувчи операторлар ўқитилади. Уларга махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар дарс ўтишади. Машғулотлар шу ерда ёки вазиятга қараб вилоятларда ўтказилиши мумкин.

«Жиззахда қулаган аттракционнинг ҳаттоки пойдевори бўлмаган» 

Ўтган ҳафтада содир бўлган мудҳиш ҳодиса юзасидан ахборот берадиган бўлсам, жиззахлик тадбиркор (аттракцион эгаси) Тошкент шаҳрига келиб, оғзаки шартнома асосида аттракцион қисмларини ясаб бериши учун бошқа бир тадбиркор билан келишув қилган. Аттракционнинг ликопча қисми тўлиқ тайёр бўлмасдан туриб жиззахлик тадбиркор уни олиб кетиб, ўз билганича аттракционни қурган. Аслида, иккала тадбиркор ҳам мутахассис эмас. Ҳар бир ясалаётган деталнинг аниқ ўлчами ҳисобланган чизмаси бўлиши керак эди. Қўмита инспекторлари воқеа жойига бориб ўрганиш ишларини бошлаганда, аттракционнинг ликопча қисмини ушлаб турувчи устуни яроқсиз ва эски металлдан ясалганлиги аниқланди. Ҳаттоки аттракционнинг пойдевори мустаҳкам эмас, бўм-бўш турибди. Аттракционнинг қабул қилиш ва синовдан ўтказилганлик тўғрисидаги далолатномаси, техник паспорти бўлмаган. Айни вақтда ҳодисани махсус тузилган комиссия ўрганиб чиқяпти. Айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

«Аттракционлар хавфсизлиги назорати учун бизнес Омбудсмандан рухсатнома олмасдан туриб текширув ўтказишни таклиф қилмоқчимиз» 

Президент Администрацияси ҳузурида бизнес Омбудсман фаолият олиб боради. У тадбиркорлик субъектларини текшириш учун рухсатнома беради. Биз Омбудсманга шундай таклиф билан чиқмоқчимиз: аттракционлар хавфсизлиги назорати инсон ҳаёти билан боғлиқ жиддий масала бўлгани учун текширув ўтказиш учун бизнес Омбудсмандан рухсатнома олиш тизимини бекор қилиш таклифини киритмоқчимиз. Бундай рухсатнома олиш кўпроқ вақтни олади. Аттракционларни текшириш учун рухсатнома олгунимизча мавсум тугаб қолиши ва бахтсиз ҳодисалар яна содир бўлиши мумкин.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Мавзуга оид