17:00 / 10.07.2019
24005

Муҳтожларга берилган, аммо бўм-бўш уйлар тақдири

Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги «Қипчоқлар» маҳалласида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖнинг буюртмаси асосида турли лойиҳалардаги 60та турар-жой шахсларга топширилган. Ушбу янги турар-жойларнинг қуриб топширилганига 6 ойдан ошган бўлишига қарамай, уйларнинг кўпчилигига одамлар кўчиб келмаган. Бу ҳақида «Оила даврасида» нашрида чоп этилган мақолада маълум қилинмоқда.

Янги уй-жой берилганлардан бирининг келтирилган сўзларига кўра, маҳалладаги кўчаларнинг бирида 18та хонадон бор. Шулардан фақатгина 3 оила кўчиб келиб, доимий равишда яшамоқда. Яна бир-икки оила онда-сонда келиб кетади. 60та уйнинг ярмига ҳали ҳеч ким кўчиб келмаган. Кўчалар чанг, ҳали тўла битказилмаган. Икки-уч ой олдин йўлчилар келиб, кўчаларни бетонлаштиришни бошлаган, лекин бир-икки кун ишлаб, барчасини ташлаб кетишган.

Баён қилинишича, ушбу кўчада қурилган 18та уйнинг 10таси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрельдаги қарори билан тасдиқланган «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низом» га асосан 10 нафар аёлга берилган.

«Уй-жойга муҳтож деб, бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш фонди, талабгор ишлаётган ташкилотлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилганига қарамай, ушбу ўн нафар аёлнинг ҳалигача кўчиб ўтмагани қизиқ. Қуриб битказилган уйларга олти ойдан ортиқ муддатда кўчиб ўтмаганлар чиндан ҳам уй-жойга муҳтожми? Ёки яшашга уйим йўқ деб қилинган барча айюҳаннослар фонограмма эдими? Бу масалаларга жавобгар ташкилотлар нега мониторинг ўтказиб турмайди? Вилоят, туман ҳокимларининг сайёр қабулларида уй сўраган муҳтожлар нега энди кўчиб ўтмаяпти? Ёки ҳудудда газнинг йўқлиги, ичимлик сувининг ҳам чекловлар билан берилиши бунга сабабми?» ─ деб ёзади мақола муаллифи.

Хоразм вилояти Шовот тумани «Оқ кўл» маҳалласидаги 2018 йилда қурилган 200 квадрат метрли уйларда ҳам аҳвол шунга ўхшаш. Ушбу уйларнинг бирида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Тўлғаной Ишчанованинг айтишича, уйларнинг сифати яхши эмаслиги, табиий газнинг йўқлиги кўпчиликнинг бу ерларга кўчиб келмаслигига сабаб бўляпти. 

«Уйимни янгитдан таъмирлаяпман. Усталар сифатсиз қуриб кетишган. Хоналар нам олиб, сувоқлар моғорлаб кетган», ─ дейди уй соҳибаси.

Қайд этилишича, ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида бу ҳудудда ишлар «ура-ура» билан бошланиб, қўл учида топширилган бу ҳудудда бугун деярли ҳеч ким йўқ. На болалар майдончалари, на бир ижтимоий объектлар қурилган.

«Бу уйларга кўчиб келувчиларда ҳам айб бор аслида. Ногиронман, имкониятим чекланган, деб жойни номига расмийлаштириб, бугунги кунда бошқа қариндоши яшаб келаётган оилалар ҳам бор. Бу аҳволни мутасаддилар мониторинг қилишса, вазият ойдинлашади. Боз устига, қишнинг совуғида, ёзнинг иссиғида бу уйларда яшашнинг қийинлиги ҳам кўчиб келувчиларнинг озчиликни ташкил этишига сабаб бўлмоқда», ─ дейилади мақолада.

Top