00:06 / 12.07.2019
58043

Ўзбекистонда янги телеканал фаолият юрита бошлайди

Ўзбекистон Президенти “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистонда янги телеканал – “O‘zbekiston tarixi” ташкил этилади.

Қарор билан телеканалнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, телеканалнинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилишдан иборат.

Янги телеканал юридик шахс ташкил этишсиз “O‘zbekiston” телерадиоканали” давлат унитар корхонаси қошида “UzHD” телеканали негизида HD форматида ташкил этилади ва республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб эфирга узатилади.  

Ўзбекистон Фанлар академиясига янги телеканалга доимий асосда эфирга чиқарилувчи материалларни тайёрлашда уларнинг ишончлилиги ва тарихий воқеалар ва фактларга мос келишини кўриб чиқиш йўли билан кўмак кўрсатиш ҳамда ўтказилган илмий тадқиқотлар натижаларини телеканалда ёритиш учун белгиланган тартибда тақдим қилиш вазифаси топширилди. 

Top