23:47 / 12.07.2019
6953

Сомалида сиёсатчилар йиғилган меҳмонхонага ҳужум қилинди

Фото: Farah Abdi Warsameh / AP

Сомалининг Кисмайо шаҳрида террорчилар маҳаллий сиёсатчилар ва оқсоқоллар йиғилган Asasey меҳмонхонасига ҳужум қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Сиёсатчилар шаҳарга мамлакатда ўтадиган маҳаллий сайловларни муҳокама қилиш учун келишган. Полицияда маълум қилинишича, дастлаб меҳмонхонада портлаш содир этилган, сўнгра отишма бошланган. 

Ҳужум учун жавобгарликни Сомалининг “Аш-Шабоб” радикал гуруҳи ўз зиммасига олган. Гуруҳ вакилларининг таъкидлашича, дастлаб бино олдида худкуш ўзини портлатган, сўнгра қуролланган жангарилар бинога бостириб кирган. Маълум қилинишича, воқеа жойида тўқнашувлар давом этмоқда, бинода эса кўплаб жасадларни кўриш мумкин.

Сомалилик журналист Ҳусайн Муҳаммад маълумотларига кўра, ҳужум қурбонлари орасида журналистлар ва сиёсатчилар бор. Улар орасида таниқли маҳаллий сенатор Аҳмад Ҳоший ҳам бўлиши мумкин.

Top