11:13 / 13.07.2019
50830

Хайрия пулларни ўғирлашда айбланаётган йигит қўлга тушди

Kun.uz таҳририяти кўмагида хайрия ўтказиб, халқдан ёрдам олган Зироат Жайлабаеванинг пуллари жорий йилнинг апрель ойида виждонсизларча ўғирланганлиги ҳақида хабар берилганди. Маълум вақт ўтиб, ушбу аёлнинг хайрия пулларини ўғирлаган дея гумон қилинган шахслар Ички ишлар ходимлари томонидан аниқланди.

YouTube

Tas-IX

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, ушбу жиноятда айбланаётган қўқонлик ўспирин йигит кибер-ўғирлик йўли билан орттирган пулларни эгасига қайтарди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган айблов эълон қилинган.

Пуллар топилгач, Зироатхон Жайлабаева бемор қизи билан Ҳиндистонга учиб кетди.

“Юлдузхон учун йиғилган маблағимиз топилди. Мана ҳозир операция қилиш учун олиб кетяпмиз. Аэропортдамиз. Бизга эҳсон қилган инсонларга раҳмат. Зангиота тумани ички ишлар бўлимига раҳмат. Маблағимизни 15 кунда ўзимизга қайтариб беришди. Энди мана Ҳиндистонга учиб кетмоқдамиз. Барча сахий инсонларга ташаккуримни айтмоқчиман. Хайрия пулларимни ўмарган ўша инсофсиз йигитга айтардимки, касалларнинг пулини олиш яхши иш эмас. Тўғри йўлга киришини истардим” , дейди беморнинг онаси сафар олдидан.

Тергов органи маълумотига кўра, кибержиноятни содир этишда айбланаётган йигит пулларни Зироатхоннинг ишончига кириб, унинг пластик картасидан пул ўтказиб олиш мақсадида ПИН рақамларни сўраган. Бемор фарзандига хайрия маблағларни ўтказиш важи билан Зироатхонни алдаган йигит пластик карта бошқарувини қўлга киритгач, ундаги пулларни бошқа нотаниш кимсага ўтказади.

Номаълум шахс эса йигит тасарруфида бўлган хорижий электрон ҳамён ҳисобини тўлдириб бериш хизматини амалга оширади. Шу орқали ўғирланган пуллар бир зумда йўқолган.

Пуллар-ку ўз эгасига қайтарилди. Зироатхон опа ва унинг қизи жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун аллақачон Ҳиндистонга учиб кетди. Аммо ушбу ҳолат яна такрорланмаслиги учун шуни эслатмоқчиманки, қилмиш, жиноят учун жазо муқаррар. Бировнинг молига кўз олайтирган киши қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлади.

Алишер Рўзиохунов

Top