Ўзбекистон | 11:59 / 15.07.2019
22343
4 дақиқада ўқилади

750 номзод қатнашган корейс тили имтиҳонлари қандай ўтди?

14 июль куни Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи биносида Кореяда ишлаш учун ўтказиладиган EPS-TOPIC имтиҳонларига кириш учун корейс тилини билиш бўйича саралаш тест синовлари ўтказилди. Жами 750 киши атрофида EPS-TOPIC имтиҳонига кириш учун даъвогар саралаш тест имтиҳонини топширди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда. Қайд этиш ўринлики, тест имтиҳонларида аввалдан рўйхати шакллантирилган номзодлардан ташқари, биринчи марта рўйхатдан ўтаётган номзодлар ҳам билимини синаб кўрди.   

Имтиҳонга кирадиган номзодларнинг аввалдан шакллантирилган рўйхатида ҳар бир номзоднинг тест синовига кириш вақти кўрсатилгани боис, улар рўйхат асосида шакллантирилган гуруҳ бўлиб имтиҳонга киритилди. Таъкидлаш лозим, имтиҳон барча номзодлар учун бир хил шарт-шароит тақдим этиш ҳамда келгусида турли саволларни келтириб чиқармаслик имтиҳон жараёнида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида кенг сиғимли ягона аудиторияда ташкил этилди. Бундан ташқари, кенг хонага 30дан ортиқ кузатув камералари ўрнатилган. Қолаверса, имтиҳон жараёнини бевосита 3та ҳавола орқали онлайн кузатиш имкони тақдим этилди. 

 Номзодликка талабгор корейс тилидан 40та саволга жавоб бериши талаб этилди. Саволларнинг 20таси матнли, 20таси овозли вариант бўлиб, уларни бажаришга 45 дақиқа ажратилди. Имтиҳон 100 балли тизимда баҳоланиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2.5 балл берилди. Тест топширувчи саволларга жавоб бериб бўлгач, монитор орқали қанча балл тўплаганлигини билиб олди. Бундан ташқари, ҳар бир номзоднинг тест натижалари қоғозда чоп этилиб, номзодга берилди, шу билан бирга, номзод ўз натижалар тарихи билан ҳам танишиб, тўғри ва нотўғри бажарган саволларини текшириб кўриш имконияти берилди. 

Эслатиб ўтамиз, 1995 йилдан Ўзбекистон Ж.Корея Инсон ресурслари департаменти билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини ушбу мамлакатга марказлашган ҳолда юбориб келади. Ўтган давр мобайнида 50 минг атрофидаги ўзбекистонлик Ж.Кореяда меҳнат қилиб, даромад кўриш имконига эга бўлган. 

Бироқ Ж.Корея томони бир неча минг ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир сифатида мамлакатда қолаётгани туфайли Ўзбекистонга дастур доирасида тақдим этган квота сонини кескин пасайтириб юборган эди. Бундан ташқари, кореялик иш берувчилар ўзбек ишчиларининг корейс тилини билиш савияси жуда пастлигидан шикоят қилиб келган. 

Шу билан бирга, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан корейс тили имтиҳонларини ўтказиш жараёни нохолис, адолатсиз ҳамда шаффоф эмаслиги кўплаб фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Агентлик раҳбарияти иш жараёнида таниш-билишчилик, порахўрликка йўл қўйганликда гумон қилиниб, қўлга олингани ҳақида бир неча бор хабарлар эълон қилинди. Шунга қарамай, ҳозирча, агентликнинг раҳбариятига нисбатан жиноий иш очилгани ёки йўқлиги хусусидаги савол ҳамон очиқ қолмоқда. 

14 июль кунги тест синовларини ўтказиш зарурати эса, Самарқанд шаҳридаги билимни баҳолаш маркази томонидан корейс тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификатлар берилишида коррупция аломатлари аниқлангани боис пайдо бўлди. Шундан сўнг, ўша марказнинг вазирлик томонидан берилган аккредитацияси бекор қилинди, ушбу марказда имтиҳон топширганлар натижалари тан олинмаслиги эълон қилинди. Бунинг ортидан фуқаролардан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига шикоятлар кўпайгани сабабли уларга ўз билимларини тасдиқлаш учун яна бир имконият бериш мақсадида қайтадан имтиҳон ўтказишга қарор қилинди. 

Вазирлик вакилининг маълум қилишича, 14 июль куни имтиҳон топшириб чиққанлар орасида ҳам ўз натижасидан қониқиш ҳосил қилмаганлар ёки натижа юзасидан апелляция топшириш истагида бўлувчилар мавжуд бўлса, бемалол мурожаат қилишлари мумкин бўлади. 

Мавзуга оид