Фан-техника | 12:29 / 24.07.2019
11531
2 дақиқада ўқилади

Huawei янги ноутбукини тақдим этди. У ингичка, енгил ва деярли рамкаларсиз

Huawei икки янги смартфон ва фитнес-браслет билан биргаликда Honor MagicBook Pro ноутбукини ҳам тақдим этди.

У деярли рамкалардан холи бўлган 16,1-дюймли экран билан таъминланган. Шунингдек, ускуна ўта юпқа ва енгил бўлиб, ишлаш қобилияти юксак даражада.

IPS-матрица sRGB ранглар майдонини 100 фоиз қамраб олади. Чап ва ўнг рамкаларнинг кенглиги атиги 4,9 мм. Ноутбукнинг ўзи 1,7 кг оғирликда — бу  MacBook Pro'га қараганда 130 граммга енгил.

Honor MagicBook Pro'нинг нисбатан қимматроқ конфигурацияси саккизинчи авлод Intel Core i7 процессори билан жиҳозланган, бу еттинчи авлод аналогидан 40 фоиз тезроқ ишлайди. Асосий версияда Intel Core i5 процессори ўрнатилган. Икки моделнинг ички тузилмаси — 8 GB тезкор хотира, 512 GB ҳажмдаги SSD-диск ва GeForce MX250 дискрет видеокартаси.

Аккумулятор сиғими 56 Vt·s'ни ташкил этади: ноутбук бир тўлдиришда 14 соатгача ишлайди. Клавиатурада орқа нур мавжуд ва клавишларнинг орқа юқори қаторида тортиб олинадиган камера жойлашган.

Honor MagicBook Pro 29 июлда Хитой бозорларига чиқади. Intel Core i5 версияси 800 АҚШ доллар, Intel Core i7 эса 900 доллар нархида.

Август ойида 16 GB тезкор хотира ва 1 TB SSD'ли охирги версия тақдим этилади — унинг баҳоси 1 160 АҚШ доллари бўлиши таъкидланган.

Мавзуга оид