Қуйида ноутбук танлаш мезонлари ва турли бюджетларга мос намунавий моделлар келтирилган.

Ноутбукда нималар муҳим

Бугунги кунда ўқиш рақамли сервисларга тўлиқ боғланган: видеодарслар, ҳужжатлар, презентациялар ва таълим платформалари. Шунинг учун ноутбук талабанинг асосий иш қуролига айланган: вазифаларни қай даражада осон бажариш унинг қуввати, автономлиги ва қулайлигига боғлиқ. Қурилма энг муҳим пайтда тўхтаб қолмаслиги ва кундалик юкламага дош бериши учун қайси хусусиятлар кераклиги, қайси бири учун эса пул сарфлаш шарт эмаслигини олдиндан билиб олган яхши.

1. Самарадорлик

Ноутбукнинг самарадорлиги ҳақида гап кетар экан, энг асосий унсур – бу процессор. У қурилманинг мияси: қанчалик кучли бўлса, ноутбук шунчалик тез ўйлайди ва буйруқларни бажаради – дастурлар, саҳифалар, файлларни очади.

Ҳозирда процессорлар бозорида иккита асосий ишлаб чиқарувчи бор:

  • Intel (Интел) – Америка компанияси, Core i3, i5, i7, i9 номлари остида процессорлар ишлаб чиқаради;
  • AMD (Ryzen) – Intel рақобатчиси, ўхшаш қувватли моделлар ишлаб чиқаради.

    Intel ва Ryzen процессорлари

    Процессорларни қандай фарқлаш мумкин

Процессорнинг рақами қанчалик катта бўлса, у шунчалик кучли бўлади.

  • i3 / Ryzen 3 - базавий, Word, Zoom ва браузерда ишлашга мўлжалланган.
  • i5 / Ryzen 5 – олтин ўрталик: ўқишга ҳам, енгил дизайн, монтаж ва кодлаш ишларини бажариш мумкин.
  • i7 / Ryzen 7 – ярим профессионал, оғир дастурлар билан ишлайдиганлар учун (видео, 3D).
  • i9 / Ryzen 9 – асосан оғир ўйинлар ва иш станциялари учун.

«Янги авлод» нима дегани

Процессорлар ҳар йили янгиланади. Масалан, 12-авлод Intel Core i3 8-авлод i3 га нисбатан янгироқ ва кучлироқ. Шу боис авлод рақами (10, 11, 12, 13...) номдан кўра муҳимроқ.